Муҳаббат ва вафо тимсоли
Мамлакатимизда 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан байрам тадбирлари, маънавий-маърифий учрашувлар бўлиб ўтмоқда. Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида ҳам “Муҳаббат ва вафо тимсоли – муқаддас аёл!” мавзусида байрам тадбири ўтказилди.
Тантанали маросимда Ўзбекистон Республикаси Президентининг вакиллик органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, дин ва ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори Музаффар Камилов, профессор-ўқитувчилар, лицей ва мактаб профессор-ўқитувчилари, ходимлар, талабалар ҳамда меҳмонлар иштирок этдилар.

Академия ректори Музаффар Камилов юртимизда хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва мавқеини мустаҳкамлаш борасида давлат аҳамиятига молик ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
Ректор ҳар бир таълим олаётган талаба-қизлар келгусида нафақат оиласи, балки жамиятнинг маънавий муҳитини соғломлаштиришда соҳа мутахассиси сифатида хизмат қилишига ишонч билдиришини таъкидлади. Ўз билими, одоб-ахлоқи билан кўпчиликка ўрнак бўлаётган, турли ютуқларга эришаётган талаба-қизларни алоҳида эътироф этди.

Дарҳақиқат, аёл, онани эъзозлаш, унга эҳтиром кўрсатиш асрлар давомида шаклланган анъана-қадриятларимиздан биридир. Бугунги кунда Академиядаги ҳар бир хотин-қиз учун муносиб шарт-шароит яратиб берилган бўлиб, намунали хулқи, ёшлар тарбиясида фидойилиги ҳамда илмий салоҳияти билан ўрнак бўлмоқда.
Маросимда Академия, академик лицей ва мактабнинг бир гуруҳ фаол аёл ходимларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Шунингдек, ўзининг ташаббускорлиги, ўқиш ва жамоат ишларида фаоллик кўрсатган бир гуруҳ талаба-қизларга фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.

Кўтаринки кайфиятда ўтган маросимда юртимизнинг таниқли санъаткорлари куй-қўшиқлар ижро этди. Академия ижодкор талабаларининг шеърий чиқишлари, “Ҳамид Олимжон ва Зулфия муҳаббати” саҳна кўриниши, «Зиё-зукко» таълим муассасаси ўқувчилари ижросида янграган рақс ва қўшиқлар, талабалар ижросидаги ҳазилларга бой бўлган саҳна кўринишлари йиғилганларда катта таассурот қолдирди.
Н.Усмонова, ЎзА мухбири