Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов ва Диний идора иш бошқарувчиси Рустам Жамиловнинг Қашқадарё вилоятига хизмат сафарлари давом этмоқда.
Мутасаддиларга Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби Раҳматуллоҳ домла Усмонов ҳамроҳлик қилаётир.
Ташриф доирасида ўтказилган имом-хатиблар билан мулоқотда муфтий ҳазратлари ҳозирги мураккаб давр ва синовли кунларда диний соҳа ходимлари олдида турган долзарб вазифаларни баён этди. Жумладан, халқимизнинг диний-маърифий эҳтиёжларини таъминлаш ва оғир кунларда аҳолига кўмакчи бўлиш, иш фаолиятини замон талаблари даражасида олиб бориш зарурлиги қайд этилди.
Шунингдек, мулоқотда тизимда олиб борилаётган ишлар таҳлил қилиниб, мавжуд муаммо ва камчиликлар ечими бўйича аниқ таклифлар берилди. Иш фаолиятини янада такомиллаштириш ва жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашувда мамлакатимиз бўйлаб олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, бугунги тинч ва осойишта кунларнинг қадрига етиш ҳамда шукроналик ҳисси билан яшаш тўғрисида кенг жамоатчиликка тушунтириш ишларини олиб бориш самарадорлигини янада ошириш зарурлиги таъкидланди.
“Вақф” хайрия жамоат фондининг янги раҳбари Яҳё Абдураҳмонов имом-хатибларга таништирилди ва келгусида ҳамкорликда ишлаш юзасидан йўналишлар берилди.
ЎзА