Мудофаа вазири “Биринчи қўнғироқ” тадбирида иштирок этди
Илк бор мактаб остонасини ҳатлаб ўтаётган жажжи ўғил-қизлар ушбу кун шукуҳини бир умр унутмайди.
Бу куннинг сермазмун таассуротлари сифатида биринчи синф ўқувчиларига Президент совғалари ҳамда китоб жамланмалари тантанали равишда топширилади. Бу совғалар болажонларни билим олиш, китоб мутолааси ва эзгу мақсадлар сари руҳлантирувчи муносиб рағбат ҳамдир.
Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги 148-мактабда янги 2026/2027-ўқув йилининг бошланишига бағишлаб ўтказилган “Биринчи қўнғироқ” тадбирида Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири генерал-лейтенант Шуҳрат Холмуҳамедов иштирок этиб, ўқувчилар, устозлар ва ота-оналарни янги ўқув йили билан муборакбод этди.

Тадбир давомида янги ўқув йилининг дастлабки “Мустақиллик дарси” машғулоти ҳам ташкил этилди. Унда ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларга ҳурмат, мустақиллик неъматини қадрлаш ҳамда юрт келажагига дахлдорлик туйғуларини шакллантиришнинг аҳамияти ҳақида сўз юритилди.

Байрамона тадбирга Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамблининг мусиқий чиқишлари ҳам ўзгача шукуҳ бағишлади. Она Ватан, тинчлик ва эзгуликни тараннум этган куй-қўшиқлар мактаб ҳовлисини байрамона садоларга тўлдириб, ўқувчиларга кўтаринки кайфият улашди.
“Биринчи қўнғироқ” садолари остида бошланган янги ўқув йили минглаб болажонлар ҳаётида янги саҳифа очди. Шу маънода билимлар кунини нафақат янги ўқув йилининг бошланиши, балки мустақил Ўзбекистоннинг ёрқин келажаги сари ташланган дадил қадам, дейиш мумкин.
А.РУСТАМОВ, ЎзА