Муддатли ҳарбий хизматдан қайтган ёшлар бандлиги таъминланади
Сурхондарё вилоятининг Музработ тумани ҳокими Абдулла Маматқулов, туман ички ишлар бўлими бошлиғи Ғолиб Бадалов “Пайшанба¬ ёшлар куни” муносабати билан муддатли ҳарбий хизматдан қайтган йигитлар билан учрашув ўтказди.
Музработ туманидан 158 нафар мард, ботир ўғлон Конституцияда белгиланган ҳарбий мажбуриятини бажариб, тинч, тўкин мамлакатимиз осойишталигини, халқимизнинг осуда, фаровон турмушини таъминлаш йўлида садоқат билан хизмат қилди. Ҳозиргача уларнинг 100 нафари хизмат бурчини якунлаб, ёруғ юз билан ота-онаси, яқинлари бағрига қайтди. 15 нафари хизматни шартнома асосида давом эттириш учун ҳарбий қисмда қолди. 42 нафари олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тавсиянома олди.

Миллий армиямиз сафларида тобланган йигитлар билан очиқ мулоқотда Президентимиз ҳар ҳафтанинг пайшанба кунини “Ёшлар куни” сифатида белгилаб бергани вазирлик, идора ва маҳаллий ҳокимликларда йигит-қизлар дуч келаётган муаммоларни ўрганиб, уларни ҳал этиш, ғоя ва таклифларини қўллаб-қувватлаб, ўз бизнесини йўлга қўйишига кўмаклашишда яхши самаралар бераётгани таъкидланди. Шунга мувофиқ Музработ туманида ҳам ҳар пайшанба ёшлар билан учрашувлар ўтказилиб, улар ўртага ташлаётган масалалар ечимини топиш юзасидан тегишли чоралар кўрилаётгани қайд этилди.


Учрашувда туман ҳокими ва мутасадди раҳбарлар муддатли ҳарбий хизматдан қайтган ёшлар билан алоҳида суҳбатлашиб, уларнинг бандлигини таъминлаш масаласига эътибор қаратди. Қизиқиш ва интилишлари асосида ишга жойлаштириш, касбга йўналтириш юзасидан фикр алмашди. Олий таълим муассасаларига ўқишга кириш истагини билдирган ёшларнинг режа ва ташаббуслари қўллаб қувватланди. Таклиф ва тавсиялар берилди. Ватан олдидаги муқаддас бурчини шараф билан ўтаб қайтган йигитлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири