Муддатли ҳарбий хизматчилар имтиёзли тавсиянома учун тест синовларидан ўтишмоқда (+видео)
Миллий гвардия бўлинмаларидаги муддатли ҳарбий хизматчилар олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун бериладиган имтиёзли тавсиянома олиш мақсадида тест синовларидан ўтишмоқда.
Мазкур тест синовлари "Муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларга Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тавсияномалар бериш тартиби тўғрисида"ги Низом асосида амалга оширилмоқда.
Албатта, ушбу тавсияномалар муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган, жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик бўйича юксак натижаларга эришган, зарурий билим ва савияга эга, намунали ҳарбий интизомини намоён этган энг муносиб ҳарбий хизматчиларга берилади.
Республикамиз бўйлаб Миллий гвардия ҳарбий қисмларида ўз йигитлик бурчини ўтаб келаётган муддатли ҳарбий хизматчилар ичида эса олий ўқув юртларига ўқишга кириш учун бериладиган имтиёзли тавсияномага муносиблар кўпчиликни ташкил қилади.
—Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан ўтказилаётган мазкур синовлардаги тест саволлари умумий сони 100 та. Уларнинг 40 таси жанговар тайёргарлик, 20 таси — маънавий- маърифий тайёргарлик, 10 таси математика, 10 таси физика фани бўйича ва қолган 20 таси мантиқий саволлардан иборат. Тест синовлари учун ажратилган умумий вақт 3 соатни ташкил этади,— дейди Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги мутахассиси Саидали Ҳабибуллаев.
Миллий гвардиянинг Тошкент шаҳри ва вилоятида жойлашган ҳарбий қисмлари мисолида оладиган бўлсак, тест синовларида қатнашган муддатли ҳарбий хизматчилар ҳар бир саволга синчковлик билан ёндашиб, максимал балл олишга ҳаракат қилишди.
<iframe width="789" height="444" src="https://www.youtube.com/embed/489U7mQJ4N8" title="Muddatli harbiy xizmatchilar imtiyozli tavsiyanoma uchun test sinovlaridan oʻtishmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Бу ҳам кўрсатиб турибдики, муддатли ҳарбий хизматчилар бир йил давомида ҳарбий қисмларда сержант ва офицерлардан профессионал билим ва кўникмаларини ошириш учун қунт билан сабоқ олишган.
Маълумот учун айтиб ўтишимиз керакки, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган фуқароларга бериладиган тавсияномалар уч йил мобайнида амал қилади.
Н.Раҳмонова, ЎзА