Муддати ўтган озиқ-овқат маҳсулотлари сотуви учун жарима оширилади
Баъзида дўконларда муддати ўтган ёки ишлаб чиқарилган санаси белгиланмаган маҳсулотларга дуч келамиз. Бундай ҳолатларда эса кўпинча сотувчилар «кўрмапмиз» ёки «билмай қолибмиз» деган баҳона билан ўзларини оқлашга ҳаракат қилишади. Эндиликда эса бу каби ҳолатлар учун жавобгарлик кучайтирилмоқда.
Қонунга шарҳ
Гап шундаки, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 178-моддасига киритилаётган ўзгартиришларга кўра, муддати ўтган озиқ-овқатларни сотувга қўйганлик ва ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилиши керак товарларни бундай белгисиз сотиш ёки сотиш учун қабул қилиб олганлик учун жарима миқдорлари кескин ошириляпти.
Парламент қуйи палатасида қабул қилиниб, Сенатга юборилган истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтиришга қаратилган қонунда ушбу масалалар кўзда тутилган.
Маълумотларга кўра, якуний истеъмол муддати ўтган озиқ-овқат маҳсулотларини сотиш ёки уларни ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилмаган ҳолда савдо қилиш ҳолатлари ошиб бормоқда. Ушбу ҳолатлар истеъмол бозорида хавфсизликни таъминлашни, аҳоли саломатлигига хавф туғдирувчи ҳолатларнинг олдини олишни, тадбиркорлик субъектларининг масъулиятини янада ошириш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган превентив чораларни кучайтиришни тақозо этмоқда.
Шу мақсадда “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодекснинг 178-моддасига киритилаётган ўзгартиришларга кўра, якуний истеъмол муддати ўтган озиқ-овқат маҳсулотларини, шунингдек, ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилиши шартлиги белгиланган озиқ-овқат маҳсулотларини уларнинг ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилмаган ҳолда реализация қилиш ҳамда сотиш учун қабул қилганлик учун маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича жарималар миқдори оширилмоқда.
Ушбу назарда тутилаётган норма дўконлар, омборхоналар ва умумий овқатланиш шохобчаларида маҳсулотлар сифатига бўлган талабни кучайтиради. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, озиқ-овқат маҳсулотларининг яроқлилик муддатига оид талабларга қатъий риоя этилишини таъминлайди. Энг муҳими, аҳоли саломатлиги ва ҳаётига хавф солувчи ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА