Долзарб 90 кунлик
Юртимизда таълим соҳасини янада такомиллаштириш, ўқувчиларнинг билим олиш даражасини ошириш ва уларнинг амалий кўникмаларини мустаҳкамлаш мақсадида давлат раҳбарининг ташаббуси билан “Долзарб 90 кунлик” дастури жорий этилди. Бу ташаббус Республика миқёсида амалга оширилаётган кенг қамровли ва мақсадли ҳаракатлардан бири бўлиб, ўз мазмун-моҳияти билан таълим тизимидаги муаммоларга ечим топиш ҳамда самарадорликни оширишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлмоқда.
Қашқадарё вилоятида ҳам дастур доирасида кенг кўламли тадбирлар амалга оширилмоқда.
“Долзарб 90 кунлик”нинг асосий мақсади – таълим муассасаларида таълим-тарбия жараёнини тизимли равишда таҳлил қилиш, ўқувчиларнинг билими ва тафаккурини чуқурлаштириш, ўқитувчиларнинг ўқитиш усулларини янгилаш ва инновацион ёндашувларни амалиётга жорий этишдан иборатдир.
Бунда қуйидаги йўналишларга алоҳида эътибор қаратилмоқда: фан ўқитиш сифатини яхшилаш, ўқувчиларда мустаҳкам билим ва кўникмаларни шакллантириш, таълимни рақамлаштириш имкониятларидан самарали фойдаланиш, миллий ва халқаро баҳолаш тизимига тайёргарликни кучайтириш, ўқитувчиларнинг малакасини ошириш ва тажриба алмашинувини йўлга қўйиш, ўқувчиларнинг таътил вақтида бўш вақтини мазмунли ўтказиш ва ҳоказо.
Жумладан, дастур доирасида вилоятнинг Муборак туманидаги 34-мактабда ҳам ўқувчи ёшларнинг вақтини мазмунли ўтказиш бўйича турли фан ва спорт тўгараклари фаолияти йўлга қўйилган.
“Долзарб 90 кунлик” дастури доирасида мактабда амалий машғулотлар, назорат синовлари фаол йўлга қўйилган. Фан тўгараклари, дарсдан ташқари репетиторлик машғулотлари ташкил этилди. Бу эса айрим фанлар бўйича ўқувчилардаги билим олишда муаммоларга тўсиқ бўладиган ҳолатларни бартараф этишда муҳим омил бўлмоқда.
Маълумот ўрнида, 34-мактабда жорий йилда 32 нафар битирувчи бор. Шундан ҳозир 14 нафарида, яъни 44 фоиз ўқувчида жами 19 та миллий ва халқаро сертификат бор.
Бугунги кунга келиб 7 нафар ўқувчи муддатидан олдин талабаликка эришган. Масалан, Беҳрузбек Шерзодов вилоят ҳокими ташаббуси билан ташкил қилинган фан олимпиадасининг вилоят босқичида 1-ўринни эгаллаб, вилоят ҳокимининг ташаббуси билан Қарши давлат университетининг кимё факультетига муддатидан олдин давлат гранти асосида қабул қилинди.
Хулоса ўрнида, “Долзарб 90 кунлик” – бу шунчаки вақтинча тадбир эмас, балки таълим тизимини яхшилашга қаратилган аниқ ҳаракатлар режаси, амалий ислоҳотлар давоми сифатида қаралмоқда. Унинг натижалари нафақат ўқувчиларнинг билим савиясида, балки ўқитувчиларнинг фаолияти, дарс сифати ва мактаб муҳитининг ижобий томонга ўзгаришида ҳам намоён бўлмоқда.
[gallery-23948]
Энг муҳими, бу жараёнда барча иштирокчилар – ўқитувчи, ўқувчи, ота-она ва раҳбарият ўртасида самарали ҳамкорлик шаклланмоқда. Бу эса таълим соҳасидаги келажак ислоҳотлар учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари