Муассаса фаолияти ҳар томонлама ўрганилди
Жамият тараққиётининг энг муҳим мезонларидан бири — инсон қадрини улуғлаш, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда сифатли тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятини таъминлашдир. Айниқса, руҳий саломатлик соҳасида фаолият юритаётган муассасаларда яратилган шарт-шароитларни мунтазам ўрганиш, хизмат сифатини янада ошириш ва ходимларнинг фикр-мулоҳазаларини инобатга олиш бугунги кунда устувор вазифалардан бири ҳисобланади.
Шу мақсадда Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати А. Ҳусейнова томонидан Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт марказининг психиатрия хизмати бўйича вилоят филиалида навбатдаги мониторинг ўтказилди.
Мониторинг давомида муассаса фаолияти ҳар томонлама ўрганилди. Аввало, бу ерда меҳнат қилаётган шифокорлар, ҳамширалар ва бошқа тиббиёт ходимлари билан очиқ мулоқот ташкил этилиб, уларнинг кундалик фаолияти, меҳнат шароитлари ҳамда иш жараёнида дуч келаётган масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, мурожаатлар билан ишлаш тизимининг самарадорлиги, тиббий хизматлар сифати, муассасада яратилган ижтимоий ва меҳнат шароитлари атрофлича таҳлил қилинди. Муассаса фаолиятини янада такомиллаштириш, хизмат кўрсатиш сифатини юксалтириш ҳамда аҳолига янада қулай шароитлар яратишга қаратилган қатор таклифлар муҳокама этилди.
Учрашув давомида ходимларни қизиқтираётган долзарб масалалар бўйича очиқ мулоқот ўтказилиб, уларнинг таклиф ва мулоҳазалари диққат билан тингланди. Кўтарилган ҳар бир масала юзасидан тегишли таклифлар шакллантирилиб, амалий ечимлар ишлаб чиқиш юзасидан фикрлар билдирилди.
Бундай мониторинглар соғлиқни сақлаш тизимида очиқлик ва ҳисобдорликни таъминлаш, тиббиёт ходимларининг меҳнат фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини янада оширишда муҳим аҳамият касб этади. Энг муҳими, инсон саломатлиги ва қадрини юксак қадрият сифатида эътироф этиш йўлидаги бундай амалий ишлар давлат сиёсатида инсон манфаатлари устувор эканининг яна бир ёрқин ифодаси бўлиб хизмат қилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири