Марказий банк тижорат банкларининг муаммоли кредитлари (NPL) тўғрисидаги маълумотни эълон қилди. Унда қайд этилишича, 2024 йил сентябрь ойида банкларнинг кредит портфели қарийб 6 триллион сўмга кўпайиб, унинг жами қолдиғи 515,6 триллион сўмдан ортган.
Давлат банкларининг барчасида кредитлар қолдиғи ортиши ҳисобига уларнинг кредит портфели 4 триллион сўмга, бошқа банкларда 1 триллион 965 миллиард сўмга ортган. Бошқа банклар Ипотека банк (-360,7 млрд сўм), Тенге банк ҳамда Узум банкда кредит портфели қолдиғи камайиши кузатилган.

Муаммоли кредитлар (NPL) қолдиғи банк тизими бўйича ой давомида 9 миллиард сўмга кўпайган ва 21 триллион 539 миллиард сўмни ташкил қилган. NPL қолдиғи давлат банкларида 458 миллиард сўмга камайган бўлса, бошқа банкларда 467 миллиард сўмга ортган. NPL улуши мос равишда давлат банкларида 0,2 фоизга камайиши ва бошқа банкларда 0,2 фоизга кўпайиши ҳисобига жами банк тизими бўйича ўзгаришсиз қолган.
Ш.Маматуропова,
ЎзА