Муаммолар танқид қилинди, аниқ вазифалар белгилаб олинди
Сирдарё вилояти фтизиатрия ва пульмонология марказидаги мавжуд аҳвол вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов томонидан танқидий руҳда ўрганилди. Ташриф чоғида вилоят раҳбари соҳа масъулларига қарата: «Нафас сиқиши фақат касалликдан эмас, шароитдан ҳам бошланади» дея эътироз билдириб, марказдаги шарт-шароитлар, беморларга кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ҳамда даволаш жараёнини ташкил этиш ҳолатини кескин танқид қилди.
Қайд этилганидек, марказдаги биноларнинг эскиргани, айрим хоналарнинг таъмирталаб аҳволга келиб қолгани, даволанувчилар ва тиббиёт ходимлари учун муносиб муҳит яратилмагани бугунги кун талабларига мутлақо жавоб бермайди. Бундай шароит нафақат беморларнинг руҳий ҳолатига, балки даволаш самарадорлигига ҳам салбий таъсир кўрсатиши таъкидланди.
Шунингдек, марказ фаолиятидаги энг муҳим масалалардан бири — фтизиатрия ва пульмонология йўналишларидаги беморларни қабул қилиш ва жойлаштириш тизими экани қайд этилди. Ушбу касалликларнинг юқумлилик хусусияти юқори бўлгани боис беморларни алоҳида жойлаштириш, инфекция тарқалишининг олдини олиш ҳамда санитария-эпидемиологик талабларга қатъий риоя этилиши зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўрганиш якунида марказни тубдан янгилаш бўйича аниқ вазифалар белгиланди. Жумладан, муассаса биноси капитал таъмирланиб, ҳудуди тўлиқ ободонлаштирилади. Беморлар учун замонавий, озода ва қулай муҳит яратиш, яшил ҳудудларни кенгайтириш ҳамда соғломлаштириш инфратузилмасини яхшилаш кўзда тутилган.
Энг муҳими, пульмонология йўналиши учун алоҳида замонавий бино барпо этилади. Бу эса инфекцияларнинг ўзаро тарқалиш хавфини камайтириш, беморларга хавфсиз ва юқори сифатли тиббий хизмат кўрсатиш имконини яратади.
Вилоят раҳбари барча масъулларга белгиланган вазифаларни қисқа муддатларда амалга ошириш юзасидан топшириқлар бериб, ишлар ижроси шахсий назоратга олинишини таъкидлади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири