Муқобил энергия: самарадор ва тежамкор
Фарғона вилояти Олтиариқ туманидаги “Повулғон бўстони” фермер хўжалигида қуёш панеллари ёрдамида энергия ҳосил қилинмоқда. Бу, айниқса, тоғли ҳудудлар ва қир-адирларда боғдорчилик, сабзавотчиликни ривожлантириш имкониятини янада кенгайтиради.
Фарғона вилояти Олтиариқ туманидаги “Повулғон бўстони” фермер хўжалигида қуёш панеллари ёрдамида энергия ҳосил қилинмоқда. Бу, айниқса, тоғли ҳудудлар ва қир-адирларда боғдорчилик, сабзавотчиликни ривожлантириш имкониятини янада кенгайтиради.Мазкур фермер хўжалигида қуёш панеллари ёрдамида қудуқдан сув чиқариш, қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия иқтисод қилувчи технологияларни татбиқ этишга кўмаклашиш масалаларига бағишланган кўргазмали семинар бўлиб ўтди.
Вилоятда фаолият кўрсатаётган фермерлар, давлат ва жамоатчилик вакиллари иштирок этган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида табиий бойликлардан самарали ва оқилона фойдаланиш, экологик тоза энергия манбаларини ҳаётга татбиқ этиш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар юксак самаралар бераётгани таъкидланди.
Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 1 мартдаги “Муқобил энергия манбаларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда. Мазкур ҳужжат асосида мамлакатимизнинг турли ҳудудларида ижтимоий соҳа иншоотлари, ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги тизимларида қуёш, шамол ва бошқа муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш кенг йўлга қўйилмоқда.
– Муқобил энергия манбаларини ҳаётга татбиқ этиш ўзининг амалий самараларини бермоқда, – дейди “Повулғон бўстони” фермер хўжалиги раҳбари Дилшод Охунжонов. – Айни пайтда кўчатларни қуёш панеллари ёрдамида қудуқдан чиқарилаётган сув билан суғормоқдамиз. Ҳали бирор марта электр ва сув таъминотида узилишлар бўлгани йўқ. Иқтисодий самарадорлик ҳам яхши. Жорий йилда томчилатиб суғориш усулини ҳам йўлга қўймоқчимиз.
Тадбирда ҳудудларда муқобил ва қайта тикланувчи энергиядан фойдаланишни ривожлантириш, унинг афзалликлари, бу борада илм-фан ва ишлаб чиқариш корхоналари ҳамкорлигини мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашилди. Жорий йилда вилоятда 2 биогаз қурилмаси, 1 энергия тежайдиган насос ҳамда сув иситиш коллектори қурилиши режалаштирилган.