"Мовийга парвоз"— санъат ва ижод мулоқоти (+ видео)
Санъат — ижодкорнинг қалби, тафаккури ва дунёқарашининг бадиий ифодасидир. Уни чуқур англашда рассом ва санъатшунос ўртасидаги мулоқот муҳим аҳамият касб этади. Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти галереясида, "Мовийга парвоз" деб номланган кўргазма очилди.
Академик, рассом Акмал Икромжонов раҳбарлигида ташкил этилган мазкур кўргазма ижодкорлар учун кенг мулоқот майдони бўлди. Олий даргоҳда бир вақтнинг ўзида биргаликда таҳсил олган 17 рассомнинг асарлари — ижодкорлар учун мулоқот мавзусига айланди. Бу асарлар талаба ёшларда, айниқса, жуда катта қизиқиш уйғотди. Улар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олишди. Бундай учрашувлар рассом ва санъатшунослар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ижодкорнинг бадиий ғоясини бевосита унинг ўзидан англаш имконини беради. Эндиликда институтда ҳар ой кўргазмалар доирасида шундай очиқ мулоқотлар ўтказиб боришга келишиб олинди.
Лойиҳанинг асосий мақсади — замонавий рассомлар ижодини илмий ўрганиш, санъатшунослар билан ҳамкорликни ривожлантириш ва ёшларнинг санъатга қизиқишини оширишдан иборат. "Мовийга парвоз" каби учрашувлар санъатни англаш, ижодий тажриба алмашиш ва янги изланишларга йўл очиши билан аҳамиятлидир.
Мунира Рамазонова,
Салим Обиджонов. ЎзА