Мовароуннаҳр алломаларининг жаҳон тараққиётига қўшган ҳиссаси Доҳада тақдимот қилинди
Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ислом цивилизацияси марказининг илмий-маърифий салоҳияти, халқаро ҳамкорлик йўналишлари таништирилди.
Қатар Ташқи ишлар вазирлиги Дипломатия институтида ташкил этилган тақдимот ва халқаро илмий семинарда Ўзбекистон ва Қатарнинг илм-фан, маданият ва таълим соҳалари вакиллари иштирок этиб, Мовароуннаҳр алломаларининг жаҳон цивилизацияси тараққиётига қўшган ҳиссаси, ислом илмлари ривожи ва икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди, дейилади Ислом цивилизацияси маркази маълумотида. Тақдимотда Ўзбекистон Республикасининг Қатар Давлатидаги элчиси Ашраф Хўжаев, Қатар давлат вазири, Қатар Миллий кутубхонаси раиси доктор Ҳамад бин Абдулазиз ал-Каворий ва бошқалар иштирок этди.
–Ушбу марказнинг аҳамияти фақат Ўзбекистоннинг бой тарихий меросини дунёга танитиш билангина чекланиб қолмайди, – дейди Қатар Цивилизациялар альянси қўмитаси вакили доктор Аҳмад бин Ҳасан ал-Ҳаммодий. – У бутун инсониятга йўлланган маънавий даъват бўлиб, Ислом маданиятининг асл моҳиятини намоён этади. Зеро, бу – жаҳолат эмас, илм-фан, тўқнашув эмас – мулоқот, зўравонлик эмас – бағрикенглик ва меҳр-шафқат цивилизациясидир.
Тақдимот доирасидаги халқаро илмий семинарда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти бошқаруви раиси Фирдавс Абдухолиқов “Ислом цивилизацияси маркази: миссияси, лойиҳалари ва ҳамкорлик йўналишлари” мавзусида маъруза қилди.
– Мерос олдидаги масъулиятимизни тўрт вазифада кўрамиз: асраш, ўрганиш, бойитиш ва келгуси авлодларга етказиш. Меросни асраб – хотирамизни сақлаймиз, уни ўрганиб – тафаккуримизни бойитамиз, янги билим яратиб – цивилизация давомийлигини таъминлаймиз, – деди марказ директори.
Тадбирда Усмон мусҳафининг ислом оламидаги тарихий ва маънавий аҳамияти алоҳида эътироф этилди. Шунингдек, Мовароуннаҳр алломаларининг Қуръон ва ҳадис илмлари ривожига қўшган улкан ҳиссаси ёритилиб, Имом Термизийнинг “Сунан” асари бугунги кун замонавий ислом таълимида нечоғли муҳим ўрин тутишига урғу берилди.
Бундан ташқари, тадбир доирасида марказ нашрлари кўргазмаси ҳам ташкил этилиб, иштирокчиларга мамлакатимиздаги бой тарихий ва илмий-маънавий меросни акс эттирувчи китоблар билан танишиш имконияти яратилди.
Абдулазиз РУСТАМОВ,
ЎзА