Москва Берлиннинг Россияга қарши сиёсатига норозилик билдирди (+видео)
Германиянинг Россиядаги Муваққат ишлар вакили Бердт Финке норозилик билдириш учун Россия Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди, деб хабар берди DW нашри.
Бир кун олдин Германия ташқи ишлар ва ички ишлар вазирлари Лейпцигдаги дрон билан боғлиқ ҳодисада Россияни айблаган эди.
Россия ТИВ маълум қилишича, Германия дипломатига Берлин томонидан илгари сурилган Россиянинг Лейпциг аэропортидаги ҳодисага алоқадорлиги ҳақидаги айбловларни қатъиян рад этиши айтилган. Германиянинг Россиядаги янги элчиси Клеменс фон Гётце ўша куни Москвада бўлмаган.
Шунингдек, Россия ТИВ Германия элчихонаси вакилига Германия ҳукумати Россиянинг Бонндаги Бош консулхонаси ва Берлиндаги Рус уйини ёпиш ҳақида қабул қилган қарорини икки давлат муносабатларини бутунлай емириш йўлидаги қадам сифатида баҳолаётганини билдирган. Россия ТИВ таъкидлашича, дипломатнинг чақирилиши Германия раҳбариятининг Россияга қарши ҳаракатлари ва баёнотлари билан боғлиқ. Россия Ташқи ишлар вазирлиги «Германия ҳукуматининг ҳаракатларига кескин жавоб берилади», дея огоҳлантирган.
Бир кун олдин Россия президенти Владимир Путин Германиянинг янги санкцияларини «қўпол хато» деб атаган ва Лейпциг аэропортидаги ҳодисага Москвага алоқадорликни тасдиқловчи далиллар йўқлигини билдирган эди.
Берлиндаги Россия элчихонаси ҳам Москвага қўйилган айбловларни асоссиз деб атади. Маълумотларга кўра, Россия томони жавоб чоралари сифатида Санкт-Петербургдаги Гёте институти ва Германиянинг Бош консулхонасини ёпиш имкониятини ҳам кўриб чиқмоқда.
Кенжа Бекжонов, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА