Энг гўзал, энг жозибали тил
21 октябрь – Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун
Тилнинг гўзаллиги албатта бу тилда қанча кўп одам сўзлашиши билан ўлчанмайди. Шу жиҳатдан олиб қараганда, ўзбек тили ҳам дунёдаги энг гўзал тиллардан ҳисобланади. Агар бунга мисол келтириш керак бўлса, менимча, бу мисолларнинг охири бўлмайди. Бунда биргина ўзбек адабиётида туюқ жанрининг мавжудлгини айтиш кифоя қилади. Биласиз, бу жанр маъноси ҳар хил, аммо айтилиши ва ёзилиши бир хил сўзлар асосига қурилади.
Масалан, ушбу туюққа эътибор беринг:
Ўзига чорлайди ғарқ пишган олма,
Худди деётгандай: “ Тортинма, ол, ма”.
Аммо узмоққа ҳеч қиймагай кўзим:
“Нафсингга ҳеч қачон эрк берма, олма!”
Бу ерда “олма” сўзи уч хил, яъни мева; олмани бериш ҳамда олмани олмаслик маъноларида келади. Бундан ташқари, тилимиздаги синонимларга, маъноси бир хил, аммо ёзилиши ҳар хил сўзларга эътибор берадиган бўлсак, биргина йиғламоқ сўзининг бир неча шакллари борлиги маълум бўлади.

Аския жанрини олайлик. Унда бир фикр айтилади. Лекин томошабинлар бу фикрга эмас, ундан келиб чиқадиган бошқа бир маънога кулишади. Бу жанр ҳам бошқа халқларда йўқ.
Бизнинг кино соҳамизда дубляж санъати ҳам азалдан юксак чўққига кўтарилган. Бу факт ҳам тилимизнинг нақадар эшитимли ва беқиёслигидан дарак беради. Ахир бу тилда Беруний, Ибн Сино, Жалолиддин Мангуберди, Темур Малик, Амир Темур, Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Машраб, Нодира, Увайсий каби буюк аллома,саркарда, олим ва шоирларимиз гапирган, давлат ишларини олиб борган, ижод қилишган.

Аммо шундай бетакрор, гўзал тилимиз собиқ иттифоқ даврида узоқ йиллар давлат тили мақомини олмаган эди. Фақат 1989 йилнинг октябрь ойига келиб, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. Албатта, бу муваффақиятга эришишимиз осон кечмади. Ўша пайтда юртимиздаги газета, журнал, радио ва телевидениеларда тўхтовсиз баҳс, мунозаралар бўлиб ўтди.
Юртдошларимиз митинг ва намойишларда иштирок этиб, она тилимизга давлат мақоми берилишини ҳукуматдан қаттиқ туриб талаб қилишди. Бу курашлар натижасиз бўлмади ва ўзбек тилига охир-оқибат давлат мақоми берилди. Бу мустақилликка эришишимиз йўлида қўлга киритилган илк ғалабаларимиздан бири бўлди. Халқимиз мустақилликни қўлга киритгандан сўнг эса она тилимизга бўлган эътибор янада ошди. Унинг обрўйини ошириш юзасидан Президентимиз томонидан кўплаб фармон, қарорлар чиқарилди, ислоҳотлар амалга оширилди. Ҳатто хорижда ҳам тилимизга бўлган эътибор ва қизиқиш кучайди. Ўзбек ёзувчиларининг асарлари турк, инглиз, француз ва бошқа тилларга таржима қилинди.

Лекин бугун тилимизга бўлган ҳурмат, эътиборимизни барча жабҳаларда намоён эта оляпмизми? Унинг софлиги учун жон куйдираяпмизми? Афсуски, бу саволларга бир овоздан, баралла ”Ҳа!” деб жавоб беролмаймиз. Чунки бу борада ютуқларимиз билан бир қаторда камчилик ва нуқсонлар ҳам бор. Ҳатто айрим юртдошларимиз ота-оналаримиз эъзолаб қўйган исмларни ҳам ярим-ёрти, чала-чулпа тарзда талаффуз қилишади. Масалан, Бахтиёрни Бахти, Ҳабибуллони Ҳаби, Муҳаммадни Муҳа, Шораҳматни Шо, Абдусамадни Апсамат, Зиёдуллани Зиё деб атаймиз ва чақирамиз. Бундан ташқари, баъзиларимиз билиб-билмаган ҳолда жуда кўп хорижий сўзларни қўшиб гапирамиз. Тилимизнинг софлигига яхши эътибор бермаймиз.
Агар айрим савдо дўконлари ва фирмалар пештоқларидаги номларга кўз ташласак, улар ўзбек тилида эмас, негадир хорижий тилларда ёзилганига гувоҳ бўламиз. Бу ҳолат, афсуски, ҳали ҳам камаймаяпти. Бундан ташқари, нимагадир кўпчилик ”х” билан ”ҳ” ҳарфларини талаффуз қилиш ва ёзишда хатоларга йўл қўйишади. Бу хатолар ҳатто газета саҳифаларию телевидениедаги титрларга ҳам кўчиб ўтмоқда, шаҳар кўчаларидаги рекламаларда акс этмоқда. Мазкур хато кирилча ёзувда унчалик сезилмаса-да лотин ёзувида “мана мен” деб кўриниб туради.

Албатта, сал эътиборлироқ бўлсак, бу хатоларни тузатиш унча мушкуллик туғдирмайди. Шунингдек, ҳар биримиз тилимизни севсак, унинг софлиги, тўғри ёзилиши ва талаффузи учун курашсак, кутилган натижага эришамиз. Энди эътиборингизга она тилимиз - ўзбек тилига бағишланган қуйидаги тўртликларни ҳавола этмоқчиман.
1
Она тил ўрнини ҳеч тил босолмас,
Бу тилни хор қилган униб-ўсолмас.
Унда мужассамдир бугун, келажак,
Унингсиз ҳеч бир халқ узоқ яшолмас.
2
Тил ҳам парваришга, меҳрга зордир,
Эътиборсиз қолса, у абгор, хордир.
Уни қаттиқ севиб, авайлаган халқ
бошида ҳар доим бахт қуши бордир.
3
Она тилим ғоят шеваларга бой,
Бу ҳол тилимизга бахш этар чирой.
Ҳар бир шеванинг бор ўз жозибаси.
Гўё кўкда порлар қуёш, юлдуз, ой.
4
Тилимиз шириндир худди бол каби,
Жуда хам гўзалдир гул, аёл каби.
Бир тинглаган яна тингласам дейди,
Имкони чексиздир ўй, хаёл каби.
5
Юксакка кўтарса, тилим кўтаргай,
Шу тилда олганим – билим кўтаргай.
Бу тил халоскорим, суянчим менинг,
Энг оғиp дамда хам кўнглим кўтаргай.
6
Юртимдан олисда юрган чоғимда,
Эшитилиб қолса гар қулоғимга,
Чексиз бир ҳаловат, ҳузур туярман,
Тилимни янада каттиқ суярман.
Туроб НИЁЗ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир