Президент ташаббуслари – амалда
Кундалик истеъмолимизда гўшт, тухум, сут ва улардан тайёрланган маҳсулотларга талаб юқори. Шу боис ҳам мамлакатимизда чорвачилик ва паррандачиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Масаланинг яна бир муҳим томони, бу соҳаларда аҳолининг маълум бир фоизи доимий иш билан банд, қўшимча даромад олмоқда.
Рақамларга эътибор қаратиладиган бўлса, ўтган йил паррандачилик тармоғида 250 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилган. Бундай хўжаликлар сони 1 минг 300 тага етган. Тўрт мингта янги иш ўрни очилган. Келгусидаги истиқболли лойиҳалар учун бошқа давлатлар, халқаро ташкилот ва банклар билан келишувлар амалга оширилаётгани эътиборга молик.
Ҳозирги кунда юртимизда ўттиз тўққизта қоракўлчилик хўжалиги бор. Тегишли чоралар кўрилиши орқали қоракўл қўйларини олти миллион бошдан етти миллион бошга етказиш мақсад қилинган.
Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг март ойида Наманган вилоятига ташрифи чоғида ҳудудда эчкичиликни ривожлантириш бўйича топшириқ берилган эди. Шунга мувофиқ, Туркия ва Россиядан зотдор эчкилар олиб келиниб, наслли эчкичилик кластери ташкил этилди.
Дарҳақиқат, Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсух 23-26 июнь кунлари давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлди. Самарали музокаралар якунида икки томонлама ҳужжатлар имзоланди. Улар қаторида Ветеринария ва чорвачилик соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим ҳам бор эди. Шунингдек, ҳудудларда чорвачилик мажмуаларини, гўштни қайта ишлаш кластерини ташкил қилиш, енгил саноатда жун ва терини чуқур қайта ишлаш каби қўшма лойиҳаларни амалга оширишга келишилди.

Президент Шавкат Мирзиёев 25 июнь куни чорвачилик тармоқларини ривожлантириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди. Унда Мўғулистон тажрибаси асосида Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Жиззах, Наманган ва Тошкент вилоятига 5 минг бошдан наслли эчки олиб келиб, кўпайтириш зарурлиги айтилди.
Давлат раҳбарининг топшириқлари – амалда. Берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раиси Баҳром Норқобилов бошчилигидаги делегация Мўғулистонда хизмат сафари билан бўлиб турибди.
Мутахассислар ва тадбиркорлардан иборат ушбу делегация ташрифнинг биринчи кунида Монголия қишлоқ хўжалиги вазири Жадамбин Инкбаяр ва мамлакат ветеринария хизмати раҳбари Нарантуя Аюшжав билан икки томонлама музокаралар ўтказилди.
Учрашувларда Мўғулистондан Ўзбекистонга олиб келиниши режалаштирилган гўшт ва кашемир йўналишидаги зотдор кўй ва эчкиларни босқичма-босқич мамлакатимизга олиб келишни ташкил этиш, чорва молларини танлаб олиш, карантин тадбирларини ташкил этиш ҳамда логистика масалаларини ишлаб чиқиш бўйича музокаралар олиб борилди.
Ташриф давомида жойларга чиққан ҳолда, Мўғилистон эчкичилик тажрибаси, шу жумладан, жунни қайта ишлаш тажрибаси билан танишиш ҳамда савдо шартномалари имзолаш белгиланган.
Соҳа ривожига қаратилган катта-кичик лойиҳаларни изчил қўллаб-қувватлаш, қўшимча имкониятларни ишга солиш, албатта, катта натижа беради.
Икром Аввалбоев, ЎзА