“Мирзо Улуғбек ворислари” танловининг ғолиблари бўлишди
Янги Ўзбекистон тараққиёти йўлида илм-фан, инновация ва замонавий ғояларни қўллаб-қувватлаш, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини юзага чиқариш ҳамда уларни илмий фаолиятга кенг жалб этиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Ана шундай эзгу мақсадлар йўлида ташкил этилган “Мирзо Улуғбек ворислари” республика танловида Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиали талабалари фаол иштирок этишиб, юқори натижаларни қўлга киритишди.
Натижаларга кўра, филиалнинг 301-23-гуруҳ талабаси Усмон Бердиев ҳамда М 101-25-гуруҳ талабаси Диёра Қаршибоева танловнинг республика босқичида мутлақ ғолибликни қўлга киритиб, ўзларининг билим, изланувчанлик ва инновацион ёндашувга эга эканликларини намоён этишди.
– Талабаларимиз танлов доирасида ўзларининг илмий-ижодий лойиҳалари билан иштирок этишди, – дейди филиалнинг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Отабек Абдуғаниев. – Улар томонидан тақдим этилган ишлар замонавий технологиялар, кимё-технологик жараёнларни такомиллаштириш ҳамда инновацион ечимларни ишлаб чиқишга қаратилган бўлиб, ҳаётий муаммоларни илмий ёндашув асосида ҳал этишга йўналтирилган.
Танлов низомига мувофиқ, иштирокчилардан илмий-амалий лойиҳалар ишлаб чиқиш, мавжуд муаммоларга инновацион ечимлар таклиф этиш ҳамда уларни ҳаётий асосда асослаб бериш талаб этилган. Янгиерлик талабаларнинг ишлари айнан ана шу мезонлар асосида юқори баҳоланган.
– Очиғини айтганда, бу каби танловлар ёшларнинг илмий тафаккурини ривожлантириш, уларни мустақил изланишга ўргатиш ҳамда инновацион ғояларини амалиётга татбиқ этишда муҳим аҳамият касб этади, – дейди Отабек Абдуғаниев.
Энг муҳими, танлов ғолиблари келгусида ўз йўналишлари бўйича илмий тадқиқотларни давом эттириш, янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш ҳамда мамлакатда инновацион ривожланиш жараёнларига муносиб ҳисса қўшишни мақсад қилган.
– Бундай натижага эришишимизда устозларимизнинг ҳиссаси катта. Уларнинг тавсия ва маслаҳатларига амал қилган ҳолда ушбу лойиҳа устида ишладим. Бу эса нуфузли танловда ғолиб бўлишимга замин яратди. Келгусида катта режаларим бор. Ўз устимда ишлаб, кўпроқ ўқиб-ўрганишни ва изланишни давом эттираман. Бунинг учун Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиалида барча шароитлар мавжуд, – дейди Диёра Қаршибоева.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири