Жиззах вилоятининг пахтачилик учун қулай ҳудудида жойлашган Мирзачўл тумани фермерлари чигит экишга биринчилардан бўлиб киришган эди. Туманда жорий йил пахта етиштириш учун ажратиладиган 12 минг 500 гектар майдоннинг ери тўлиқ тайёрланган 1 минг 400 гектарида чигит экиш қизғин бораётир.
Бу йил кўклам экин-тикин учун жуда қулай келганидан мирзачўллик деҳқонларнинг руҳи баланд. Тупроқда намлик, ҳавода ҳарорат етарли. Тупроқнинг ўз нами билан униб чиққан чигит бақувват бўлиб ривожланади. Шунинг учун ёмғирдан сўнг очиқ кунлардан фойдаланиб қолиш деҳқоннинг катта муваффақияти ҳисобланади.
– Хўжалигимизнинг 38,2 гектар умумий майдонининг 15,2 гектарини пахта етиштириш учун ажратганмиз, – дейди “Элнур-5” фермер хўжалиги раҳбари Назар Бозорбоев. –Ҳафтанинг бошидаги ёмғирлар тиниши билан ерни тўлиқ тайёрлашга улгуриб, чигит экишга киришгандик. Тез ўзгарувчан Савр ҳавосининг очиқ кунларидан фойдаланиб, экишни бугун-эрта тугатиб, чигитни тупроқнинг намига ундириб олишга ҳаракат қилаяпмиз.
[gallery-1962]
Чигит экишда ҳудуд иқлим, тупроқ шароитига мос навларни танлашга алоҳида эътибор қаратилаётир. Шу мақсадда туман бўйича 371 тонна уруғлик чигит сарфланиши ҳисоб-китоб қилинган. Бугунги кунда туманга ҳудудтупроқ иқлим шароитига мос, сертификатланган “Бухоро-102” R-2 авлодли ва “Султон” навли R-2 авлодли ҳамда С-82-90 навли 236,5 тоннадан ошиқ уруғлик чигит келтирилди.
Пахта етиштириш учун ажратилган ерларнинг сифатли тайёрланиши, уруғлик чигит фермер хўжаликларига узлуксиз тарқатилиши Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси туман бўлими ходимлари томонидан доимий мониторинг қилиб борилаётир.
– Ҳозиргача 600 гектардан зиёд майдонга чигит экиб бўлинди, – дейди “Ўзагроинспекция”нинг Мирзачўл туман бўлими инспектори Отабек Юнусов. – Экиш ишларига 41 та қишлоқ хўжалиги техникаси ва агрегатлари сафарбар қилинган. Фермерларга уруғлик чигит билан бир вақтда фосфорли, калийли минерал ўғитлар, ёқилғи-мойлаш материаллари ўз вақтида етказиб берилишига эътибор қаратаётирмиз.
Жорий йилда вилоятдаги пахта етиштирувчи фермер хўжаликларида жами 80 минг 200 гектар майдонга чигит экиш мўлжалланмоқда.
Т.Бекназаров, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА