Миробод туманида хавфсиз муҳит қандай шакллантирилган?
Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 5 январдаги “Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида ижтимоий профилактика самарадорлигини ошириш устувор вазифа этиб белгиланди.
Қарор ижроси доирасида Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов ҳамда ички ишлар вазири ўринбосари Баҳодир Мирзараҳимов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Тошкент шаҳрининг Миробод туманида хавфсиз муҳитни шакллантириш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишларни ўрганди.
Ишчи гуруҳ аъзолари ва туман сектор раҳбарлари маҳаллаларда жамоат тартибини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини кучайтириш ҳамда аҳоли хавфсизлигини мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирларни таҳлил қилди.
Бунда, фақат мавжуд ҳолатни баҳолаш билан чекланилмасдан, амалий натижа берувчи янги ёндашувлар ва механизмлар жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Жумладан, Миробод тумани ҳокимлигида ташкил этилган Республика идоралараро мувофиқлаштирувчи штаб фаолияти ўрганилиб, унинг самарадорлигини янада ошириш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқилди.
Туман ҳудудида ўрнатилган видеокузатув камераларининг имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш, уларни ягона интеграциялашган тизимга улаш орқали жиноятларни тезкор аниқлаш ва олдини олиш имкониятларини кенгайтириш юзасидан кўрсатмалар берилди.
Ишчи гуруҳ “Обод маҳалла” дастури доирасида қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилаётган Зиёнур маҳалласида бўлиб, бу ерда хавфсиз муҳит яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Мазкур ишлар аҳоли турмуш сифатига бевосита ижобий таъсир кўрсатади. Яъни ёритиш тизимларининг яхшиланиши туфайли тунги вақтда юриш хавфсизлиги таъминланади, болалар ва ёшлар учун хавфсиз ўйин ва дам олиш ҳудудлари яратилади.
Маҳаллий аҳоли билан ўтказилган мулоқотларда уларни қийнаётган муаммолар ўрганилиб, уларни ҳал этиш бўйича манзилли чоралар белгилаб олинди.
[gallery-28512]
Бундан ташқари, ишчи гуруҳ аъзолари Қўйлиқ ота маҳалласига ташриф буюриб, ушбу ҳудудга жалб этилган қўшимча куч ва воситалар фаолияти билан танишди. Жараёнда профилактика ишларини янги босқичга олиб чиқиш, замонавий ёндашувларни жорий этиш орқали жиноятчиликнинг олдини олиш самарадорлигини ошириш бўйича топшириқлар берилди.
Учрашувлар давомида ҳудудларни замонавий техник қўриқлаш воситалари билан жиҳозлаш, объектларни қўриқловга олишни кенгайтириш орқали ёшлар ва хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, ёшлар орасида гиёҳвандлик воситаларини истеъмол қилиш ва тарқалишининг олдини олиш бўйича профилактик ишлар кучайтирилиши белгиланди.
Н.Абдураимова,
Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА