“Мираброр Усмонов кубоги – 2026” хотира турнири бошланди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Бугун Тошкент шаҳридаги Миллий футбол марказида ўзбек футболи ривожига муносиб ҳисса қўшган таниқли спорт арбоби Мираброр Усмонов хотирасига бағишланган халқаро турнирга старт берилди.
“Мираброр Усмонов кубоги – 2026” номи остида ташкил этилган мусобақада бир қатор мамлакатлардан ёш футболчилар иштирок этмоқда. Турнирнинг илк куниёқ майдонда қизғин ва муросасиз баҳслар кечди.
Дастлаб Россия ва Саудия Арабистони ёшлар терма жамоалари ўзаро куч синашди. Ҳар икки жамоа ҳам ғалаба учун астойдил ҳаракат қилган учрашувда россиялик футболчилар 3:1 ҳисобида зафар қучди.
[gallery-31755]
Куннинг иккинчи беллашувида эса Ўзбекистон ва Арманистон ёшлар терма жамоалари майдонга тушди. Унда футболчиларимиз ташаббусни қўлга олиб, учрашув давомида рақибдан устунликни сақлаб қолди. Ҳужумкор ва мазмунли ўйин намойиш этган ҳамюртларимиз 5:1 ҳисобида ғалаба қозониб, турнирни муваффақиятли бошлади.
Мазкур хотира турнири ёш футболчиларнинг халқаро тажрибасини ошириш, уларнинг маҳорат ва салоҳиятини намоён этиш, шунингдек, мамлакатлар ўртасидаги спорт алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
“Мираброр Усмонов кубоги – 2026” халқаро хотира турнири доирасидаги навбатдаги учрашувлар 4 октябрь куни бўлиб ўтади.
Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА