Минтақавий мулоқотни ривожлантиришнинг сифат жиҳатидан янги босқичи
Тошкентда 29 ноябрь куни Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди.
Тошкентда 29 ноябрь куни Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди.
Марказий Осиё халқларини кўп асрлик қардошлик ришталари, муштарак тарих, маънавий ва маданий қадриятлар, ўхшаш тил ва менталитет бирлаштириб туради. Таъбир жоиз бўлса, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон бир қўлнинг беш бармоғидек ҳамиша бир-бирига суянган, елкадош бўлган. Умумий тарихий меросга эга халқларимизнинг барқарор ривожланиши ва фаровон келажагини бир-биридан айри ҳолда тасаввур этиб бўлмайди.
Шу боис Президентимиз Шавкат Мирзиёев сайловолди дастуридаёқ ташқи сиёсатни амалга оширишда барча давлатлар, биринчи навбатда, қўшни мамлакатлар билан дўстона муносабатлар ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга устувор аҳамият қаратган эди.
Бу мақсадлар 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ўз ифодасини топди. Чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат юритиш, Ўзбекистоннинг ён-атрофида хавфсизлик, барқарорлик ва яхши қўшничилик муҳитини мустаҳкамлаш, давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилишни ҳал этиш каби масалалар устувор йўналишлар этиб белгиланди.
Ўтган қисқа вақтда бу борада тарихий қадамлар қўйилди. Чегарадан ўтиш, сувдан фойдаланиш каби ўткир муаммолар ҳал этилди. Чегаралар очилди, ўзаро борди-келди кўпайди.
Президентимиз илк давлат ташрифларини қўшни мамлакатларга амалга оширди. Туркманистон, Қирғизистон ва Тожикистон билан стратегик шериклик муносабатлари ўрнатилди. Қозоғистон билан стратегик шерикликни янада чуқурлаштириш борасида муҳим ҳужжатлар имзоланди.
Марказий Осиёнинг барча давлатлари билан умумий чегарага эга Ўзбекистоннинг бу саъй-ҳаракатлари бутун минтақадаги муҳитга ижобий таъсир кўрсатди.
Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви ана шундай яхши қўшничилик муҳити, халқлар ўртасидаги дўстликни янада мустаҳкамлашга қаратилган эзгу ташаббусдир.
Мазкур анжуман тарихига назар ташласак, Президентимиз Шавкат Мирзиёев бу ҳақда илк бор Бирлашган Миллатлар Ташкилоти минбаридан туриб айтган эди. 2017 йил сентябрь ойида бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида давлатимиз раҳбари “Марказий Осиёнинг қоқ марказида жойлашган Ўзбекистон ушбу минтақа барқарорлик, изчил тараққиёт ва яхши қўшничилик ҳудудига айланишидан бевосита манфаатдордир. Тинч-осойишта, иқтисодий жиҳатдан тараққий этган Марказий Осиё – биз интиладиган энг муҳим мақсад ва асосий вазифадир. Ўзбекистон ўзаро мулоқот, амалий ҳамкорлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлашнинг қатъий тарафдоридир”, дея таъкидлади.
Ўша йили ноябрь ойида Самарқандда БМТ шафелигида ўтказилган “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзусидаги халқаро анжуманда Президентимиз Марказий Осиёга оид долзарб масалалар бўйича минтақа мамлакатларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, бунинг учун Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувларини мунтазам йўлга қўйишни таклиф этди.
Бу ташаббусни минтақадаги барча давлатлар ва халқаро ташкилотлар қўллаб-қувватлади. Элбоши Нурсултон Назарбоевнинг таклифига биноан, биринчи Маслаҳат учрашуви 2018 йил 15 мартда Қозоғистонда бўлиб ўтди. Унда минтақа мамлакатлари ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий ва гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш, терроризм, диний экстремизм, наркотик моддалар ва қурол-яроғ контрабандасига қарши биргаликда курашиш, Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Давлатимиз раҳбари таклифининг ижобати сифатида 2018 йил 22 июнь куни БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Марказий Осиё бўйича махсус резолюция қабул қилингани минтақавий ҳамкорлик ривожига мустаҳкам замин яратадиган яна бир тарихий воқеа бўлди.
Президентимиз ташаббуси билан Ўзбекистон ташқи сиёсатида “Марказий Осиё – бош устувор йўналиш” тамойили амалда татбиқ этила бошлади. Барча қўшниларимиз билан дўстона ва ўзаро ишонч руҳидаги муносабатларни янада мустаҳкамлаш асосий вазифалардан бирига айланди.
Қозоғистон Ўзбекистоннинг асосий савдо шерикларидан саналади. 2018 йилда икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 50 фоиз ўсиб, 3 миллиард доллардан ошган. Жорий йилнинг январь-октябрь ойларида бу кўрсаткич 2,9 миллиард долларни ташкил этди.
Икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия самарали фаолият олиб бормоқда. Юртимизда Қозоғистон капитали иштирокида 766 та, Қозоғистонда эса Ўзбекистон резидентлари иштирокида қарийб 200 корхона очилган. Автомобиль ва темир йўллар орқали юк ташиш ҳажми ҳам ўсган. Мамлакатларимизнинг йирик шаҳарлари ўртасида автобус ва самолётлар қатнови йўлга қўйилган.
Қирғизистон билан алоқалар ҳам кенгаймоқда. Хусусан, 2018 йилда икки томонлама товар айирбошлаш ҳажми 481 миллион доллардан ошган бўлса, жорий йилнинг январь-октябрь ойларидаёқ кескин ўсиб, 703 миллион долларга етган.
Икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия ишламоқда. Ўзбекистонда Қирғизистон вакиллари иштирокида 150 та, Қирғизистонда эса юртимиз капитали иштирокида 51 корхона очилган. Ҳудудлараро алоқалар, саноат кооперацияси ҳам изчил ривожланмоқда.
Кейинги йилларда Тожикистон билан ҳамкорлик ҳам фаоллашди. Масалан, 2018 йилда мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 389 миллион доллардан ошган бўлса, жорий йилнинг январь-октябрь ойларида бу кўрсаткич қарийб 30 фоиз ўсиб, 408 миллион долларга етган.
Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия тузилган. Икки мамлакатда ўзаро ҳамкорликда тузилган ўнлаб корхоналар ишлаб турибди. Маданий-гуманитар ва туризм соҳасидаги алоқалар ҳам кенгаймоқда.
Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари саммитининг асосий воқеалари 29 ноябрь куни Кўксарой қароргоҳида бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев дастлаб саммит меҳмонлари билан учрашувлар ўтказди.
Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоев билан учрашув аввалида давлатимиз раҳбари олий мартабали меҳмонни самимий қутлаб, унга Ўзбекистоннинг минтақа мамлакатлари етакчилари учрашувларини ўтказиш ташаббусини қўллаб-қувватлагани учун яна бир бор миннатдорлик билдирди.
Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли кейинги йилларда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги анъанавий яқин муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди, аниқ амалий мазмун билан бойиди.
Элбоши Нурсултон Назарбоев, ўз навбатида, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан илк бор 2018 йили Нур-Султон шаҳрида ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувлари минтақада кўп қиррали ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани ҳамда шерикликнинг амалий лойиҳаларини илгари суриш учун самарали майдон вазифасини ўтаётганини таъкидлади.
Учрашувда икки томонлама муносабатларга оид, шунингдек, глобал ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбай Жээнбеков билан учрашувда давлат раҳбарлари Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатлари изчил мустаҳкамланиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этдилар.
Турли даражалардаги алоқалар фаоллашгани, товар айирбошлаш ортаётгани, гуманитар алмашинувлар жадаллашгани алоҳида таъкидланди.
Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди. Томонлар Марказий Осиё давлат раҳбарларининг Тошкентдаги Маслаҳат учрашуви минтақа мамлакатлари ўртасидаги алоқаларни янада фаоллаштириш ҳамда дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшишига ишонч билдирдилар.
Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон билан мулоқотда стратегик шериклик даражасига кўтарилган кўп қиррали Ўзбекистон – Тожикистон ҳамкорлиги ривожланиб бораётгани катта мамнуният билан қайд этилди.
Ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли бугун савдо-иқтисодий муносабатлар фаол ривожланмоқда. Ўзаро савдо ҳажми ортмоқда, турли тармоқлардаги кооперация кучаймоқда, маданий-гуманитар алмашинув кенгаймоқда.
Учрашувда қардош мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди, шунингдек, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар кўриб чиқилди.
Давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида дўстлик ва яхши қўшничилик, стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш борасида интилишлари қатъий эканини таъкидладилар.
Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан учрашувда томонлар мамлакатларимиз ҳамкорлигининг долзарб масалалари ва уларни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилдилар. Давлат раҳбарлари, шунингдек, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар юзасидан фикр алмашдилар.
Шундан сўнг Марказий Осиё давлат раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви бошланди.
Суратга тушиш маросимидан сўнг делегациялар раҳбарларининг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоев, Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбай Жээнбеков, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон ва Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов иштирок этди.
Саммитда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.
Давлатимиз раҳбари мажлис иштирокчиларини самимий қутлаб, ушбу учрашув ҳаёт талаби, томонларнинг дўстлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш, шерикликни кенгайтиришга интилиши ифодаси эканини таъкидлади.
Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг сиёсий иродаси ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли охирги йилларда кўплаб мураккаб масалаларга ечим топилди. Бу ижобий ўзгаришлар халқларимиз томонидан қўллаб-қувватланди ҳамда бутун дунёда юқори баҳоланди.
Шу билан бирга, тез ўзгараётган дунёда янгидан-янги масалалар кун тартибига чиқмоқда. Минтақавий хавфсизликка таҳдидлар, барқарор ривожланишга ҳалал берувчи омиллар пайдо бўлаётир. Бу ўзаро ишончга асосланган шерикликни мустаҳкамлашни, саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришни талаб этмоқда.
Етакчиларнинг мазкур учрашуви олий даражадаги минтақавий мулоқотни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқади.
– Яратганнинг инояти билан биз қўшнилармиз. Халқларимизнинг тарихи ва тақдири, келажаги чамбарчас боғлиқ. Бу эса минтақамизни бирлаштирувчи катта кучдир, – деди Шавкат Мирзиёев.
Давлатимиз раҳбари Марказий Осиёда кўп томонлама ҳамкорлик бўйича ягона нуқтаи назарни келишиш зарурлигини таъкидлаб, унинг асосий йўналишлари ҳақида ўз фикрларини билдирди, қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди.
Бу, аввало, савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни ривожлантиришдир. Катта бозорга эга, табиий хомашё ва инсон ресурслари салмоқли бўлган минтақамизнинг рақобатдош устунликларини имкон қадар тўлиқ ишга солиш муҳим. Қўшимча қиймат занжирини шакллантириш, минтақа ичида савдони кенгайтириш, иш ўринлари яратиш мақсадида иқтисодиётнинг турли тармоқларида янги имкониятларни аниқлаш ва кооперация лойиҳаларини амалга ошириш лозим.
Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги машинасозлиги, автомобилсозлик, электротехника, тўқимачилик саноати, аграр тармоқда фаол ҳамкорлик қилишга тайёр экани билдирилди.
Иккинчи муҳим йўналиш – минтақанинг транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлаш ва транзит салоҳиятини рўёбга чиқариш.
Марказий Осиёнинг транспорт тизими яратилаётган замонавий логистика инфратузилмасидан фойдаланган ҳолда минтақа ичида узлуксиз коммуникацияни таъминлаши, шунингдек, тобора ортиб бораётган транзит оқимларига самарали хизмат қилиши лозимлиги таъкидланди.
Учинчидан, минтақамизнинг узоқ муддатли манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, энергетика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш зарурлиги, Ўзбекистон қайта тикланувчи энергия манбаларининг улушини ошириш, замонавий энергетика инфратузилмасини яратиш борасидаги қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёр экани таъкидланди.
Мамлакатларимизнинг улкан туризм салоҳиятини амалга ошириш яна бир истиқболли йўналишдир. Давлатимиз раҳбари бунинг учун Марказий Осиёнинг ягона, кўпчилик танийдиган туризм бренди, минтақа учун умумий бўлган жозибадор туризм маҳсулотларини шакллантириш лозимлигига эътибор қаратди.
Шавкат Мирзиёев сувдан фойдаланиш борасидаги муаммоларни ҳал этишга доир ўзаро келишилган ёндашувларни ишлаб чиқишни таклиф этди, Афғонистонда тинчлик, миллий муроса ва иқтисодий тикланишга эришишга кўмаклашиш йўлида минтақа мамлакатларининг саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш муҳим эканини таъкидлади.
Марказий Осиё давлатлари делегацияларининг кенгайтирилган таркибдаги музокараларида хавфсизликни мустаҳкамлаш, давлатларимиз ўртасидаги савдо тўсиқларини бартараф этиш, минтақанинг мавжуд улкан иқтисодий салоҳиятидан фойдаланган ҳолда саноат кооперациясини янада кучайтириш, энергетика инфратузилмаларини модернизация қилиш ва ҳудуднинг транзит имкониятларини кенгайтиришга қаратилган йирик лойиҳаларни рўёбга чиқариш масалалари кўриб чиқилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иккинчи Маслаҳат учрашувининг ўтказилиши манфаатларнинг ўзаро муштараклиги, мамлакатларимиз минтақавий тараққиётнинг энг долзарб масалалари бўйича очиқ мулоқот ва биргаликда қарорлар қабул қилишга тайёр эканини яна бир бор яққол тасдиқлашини таъкидлади.
Учрашувда томонлар ҳудудлар даражасида фаол алмашинувлар ва мулоқотни қўллаб-қувватлаш, илм-фан, таълим, туризм, маданият ва спорт соҳаларида қўшма тадбирларни мунтазам ўтказишга келишиб олдилар.
Марказий Осиё асрлар давомида қардош халқлар тинч ва тотув яшаб келаётган жаҳондаги кам сонли минтақалардан биридир.
Саммитда минтақа давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашуви формат́идаги ҳар йиллик саммитлар шу жиҳатдан ғоят муҳим экани таъкидланди. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Марказий Осиё давлатлари бугунга келиб олий даражадаги минтақавий мулоқотни ривожлантиришнинг сифат жиҳатидан мутлақо янги босқичига кўтарилди.
Саммит якунида Қўшма баёнот қабул қилинди ҳамда Маслаҳат учрашувларига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш регламенти маъқулланди.
Туркманистон Президентининг таклифига биноан давлат раҳбарлари Қозоғистоннинг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоевни Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Маслаҳат учрашувининг Фахрий раиси этиб бир овоздан сайладилар.
Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашуви келаси йили Қирғизистонда ўтказилади.
Оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифингда Президентимиз Шавкат Мирзиёев музокаралар анъанавий дўстлик ва ўзаро англашув руҳида ўтгани, давлат раҳбарларининг минтақада ишонч ва яхши қўшничилик муҳитини янада мустаҳкамлашга бўлган интилиши ва қатъий сиёсий иродасининг яққол ифодаси бўлганини таъкидлади.
Самарали музокаралардан сўнг Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Кўксарой қароргоҳидаги Фахрий меҳмонлар хиёбонига кўчатлар ўтқазди. Бу дарахтлар Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистоннинг мустаҳкам дўстлиги ва ҳамкорлиги рамзи сифатида ёнма-ён ўсади.
Куннинг иккинчи ярмида давлат раҳбарлари Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасига ташриф буюрди. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти ҳайкали пойига гулчамбар қўйиб, унинг ёрқин хотирасига ҳурмат бажо келтирди.
Шу билан Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви якунига етди.