МИННАТДОРЛИК: Ўзбекистон ўз фуқароларини ҳимоя қилишга қодир
Бугун дунёда барчани бирдек ташвишга солаётган глобал муаммо, бу – шубҳасиз коронавирус пандемиясининг тобора кенг тарқаб бораётгани бўлмоқда.
Бугун дунёда барчани бирдек ташвишга солаётган глобал муаммо, бу – шубҳасиз коронавирус пандемиясининг тобора кенг тарқаб бораётгани бўлмоқда.
Кечаётган жараёнлар ҳар бир инсон кўнглига таҳлика ва қўрқув солиши, ташвиш ва хавотирга қўйиши табиий. Ушбу кўзга кўринмас бало туфайли қанча-қанча инсонлар ҳалок бўлмоқда, қанча-қанча оилалар ўз ота-онаси ва фарзандларидан айрилмоқда. Бу жуда оғир...
Биз каби азиз фарзандлари чет элларда ўқиётган ота-оналарнинг бу вирус бошлангандан буён қалбида кечаётган ҳадик ва изтиробли аҳволини тасаввур қилиш қийин эмас.
Барака топсин, ҳурматли Президентимизнинг топшириқлари ва фаол қўллаб-қувватлаши билан вирус тарқай бошлаган даврдан буён юз мингдан ортиқ ватандошимиз Ўзбекистонга қайтарилди.
Албатта, ҳар бир фарзанднинг ота-онаси бағрига қайтиши нечоғлик улкан саъй-ҳаракат ва эътибор талаб қилишини илк бора ҳис қилиб, ҳукуматимиз ишлари таҳсинга сазовор эканига ўз мисолимизда амин бўлдик.
Жорий йилнинг 21 июль куни бизнинг ҳам қадрли фарзандларимиз, Москва муҳандислик физикаси институти Миллий тадқиқот ядро университетининг 87 талабаси соғ-cаломат бағримизга қайтиб келганини эшитиб, ҳаяжондан кўзимизга қувонч ёшлари қалқди.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар, Транспорт вазирликлари, “Ўзатом” агентлиги ва “Uzbekistan Airways” AЖлар ҳамкорлигида махсус чартер рейс орқали талабалар қайтарилиб, карантин қоидаларига мувофиқ “Энергетик” санаторияси базасида тайёрланган карантин зоналарига жойлаштирилди.
Уларга ҳамма шарт-шароитлар муҳайё қилиб берилибди, энг асосийси улар эндиликда она юртимизда. Давлатимиз ўз фуқароларини, дунёнинг қайси жойида бўлмасин, қанчалик қийин шароитга қарамай, ҳимоя қилишга қодир.
Шу фурсатдан фойдаланиб, университет талабаларининг ота-оналари ва яқин қариндошлари номидан муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевга ва Ҳукуматимизга, бу ишга бош қўшган барча мутасаддиларга, кўрсатилган ғамхўрлик ва эътибор учун, чин қалбдан чуқур миннатдорлик изҳор этамиз.
Келажакда фарзандларимиз чин дилдан илм олиб, астойдил интилиб, юртимизнинг энергетика тармоғи тараққиётига, халқимиз фаровонлигига ўзларининг ҳиссасини муносиб қўшишига ишонамиз.
Бугунги оғир синовлардан, албатта, сабр-тоқат ва темир ирода билан ўтиб оламиз.
Москва муҳандислик физикаси институти
Миллий тадқиқот ядро университетида таҳсил олаётган
бир гуруҳ талабаларнинг ота-оналари