Мингбулоқда бир майдонда ҳам балиқ, ҳам шоли ҳосили олиш тажрибаси синовдан ўтмоқда
Юртимизда озиқ-овқат хавфсизлиги ва бозорларда нархлар барқарорлигини таъминлаш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳамда экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган.
Президентимизнинг “Балиқчилик тармоғини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони айни шу эзгу мақсадларни амалга оширишга хизмат қилади. Бу борада Наманган вилоятида амалга оширилаётган ишлар эътиборга молик.

Мингбулоқ туманидаги “Босаралиев Муқимжон” фермер хўжалигига қарашли 12 гектар балиқ кўлининг 30 сотих қисмида Вьетнам давлати усули асосида шоли етиштириш тажрибаси йўлга қўйилди. Фермернинг қайд этишича, бир майдоннинг ўзида ҳам балиқчиликни ривожлантириш, ҳам қўшимча шоли ҳосили олиш кўзланган.

Дастлабки ҳисоб-китобларга қараганда, қарийб беш тонна шоли етиштириш, сув сарфини икки баробаргача қисқартириш ва бозорга қўшимча маҳсулот етказиб бериш режалаштирилган. Агар тажриба ўзини оқласа, мазкур хорижий усул сув ресурслари чекланган ҳудудларда фермер хўжаликлари учун янги имконият эшигини очади.

Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов бошчилигидаги ишчи гуруҳи Мингбулоқдаги ўрганишлари давомида қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган янги инновацион лойиҳалар билан танишув жараёнида янги тажрибанинг самарадорлигига алоҳида эътибор қаратиб, унинг натижадорлигини таҳлил қилиш, ижобий тажрибани бошқа ҳудудларда ҳам оммалаштириш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва тавсиялар берди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА