“Миллийбанк” битирувчи талабаларнинг яқин кўмакчисига айланмоқда
Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университетида “Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти Сурхондарё вилоят бош бошқармаси ҳамда “Келажакка қадам” маркази мутасаддилари билан раҳбар ва талаба-ёшлар учрашуви бўлиб ўтди.
Самимий руҳда кечган очиқ мулоқотда “Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти Сурхондарё вилояти бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Азим Раҳматов, “Келажакка қадам” маркази бўлим бошлиғи Азимжон Илҳомов ва бошқалар мамлакатимизда ёшлар ва таълим муассасалари битирувчиларининг ғоя, таклиф ва лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш давлатимиз белгилаб олган сиёсатнинг муҳим йўналишига айланганини таъкидлади. Бу жараёнда “Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти ҳам фаол иштирок этиб, ёшлар ва олий таълим муассасалари битирувчилари бандлигини таъминлашга, йигит-қизларнинг бизнес ғояларини қўллаб-қувватлаб, уларни тадбиркорликка жалб этишга алоҳида эътибор қаратаётгани қайд этилди. “Келажакка қадам” маркази фаолияти тўғрисида атрофлича маълумот берилиб, юртимиз ёшларини иш билан таъминлаш ва уларнинг илғор ғояларини қўллаб-қувватлаш йўлида амалга ошираётган ишлари хусусида сўз юритилди.
Вилоятда 31 ёшгача бўлган талаба-ёшларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилаётган “Келажакка қадам” ва “Келажак тадбиркори”, “Менинг биринчи касбим” дастурлари, шунингдек, “Бизнес старт”, “Талаба инвест”, “Тадбиркорликка илк қадам” каби кредит маҳсулотлари ҳақида атрофлича маълумот берилди.
[gallery-29831]
Айни пайтда воҳада яратилган бу имкониятлардан ёш тадбиркорлар ва тадбиркорликка илк қадам ташлаётган битирувчи йигит-қизлар самарали фойдаланмоқда. Жумладан, 2025-2026 ўқув йилида вилоятдаги олий таълим муассасаларининг 838 нафар талабасига 28,2 миллиард сўм имтиёзли кредит маблағи ажратилди. 870 та талабанинг бандлиги таъминланди. Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университетининг 245 нафар битирувчи талабасига ажратилган 2,5 миллиард сўм кредит маблағи эвазига 300 га яқин талаба ишли бўлди.
Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университети Сурхондарё вилоятида таълим, илм-фан ва ишлаб чиқаришни интеграция қилиб, соҳада илмий-амалий тажрибаларни жорий этаётган етакчи олий таълим муассасаларидан бирига айланган. Олий таълим муассасасида мамлакатимиз иқтисодиётининг турли тармоқлари, жумладан, ишлаб чиқариш, муҳандислик, қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар соҳалари учун замонавий билим ва кўникмаларга эга малакали мутахассислар тайёрланмоқда. 50 дан ортиқ бакалавриат, қарийб 30 та магистратура йўналишида ўн бир мингга яқин талаба, магистрант, докторант ва мустақил тадқиқотчи таҳсил олмоқда. Ёш ихтирочиларнинг ишланмалари рағбатлантирилмоқда. Талабалар корхона ва агрокластерларда амалий тажриба орттириб, ўқиш даврининг ўзидаёқ касбий кўникмага эга бўлмоқда. Эндиликда олий таълим даргоҳи ҳузуридаги инженерлик стартап маркази ва ёш агроинноваторлар лабораторияси фаолиятини кучайтириш, “Талаба – стартапчи” модели асосида ғояларни тижоратлаштиришни йўлга қўйиш юзасидан тегишли ишлар олиб борилмоқда. Университет тажриба майдонида турли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари парваришланиб, кўникмалари оширилаётир. Масалан, ҳозир тажриба майдонида банан кўчатлари маҳаллий шароитга иқлимлаштирилиб, райҳоннинг ноёб навлари кўпайтирилмоқда. Уларнинг стартап лойиҳалари ва ғояларини молия муассасаси қўллаб-қувватлаётгани турли йўналишларда тадбиркорлик билан шуғулланиб, қишлоқ хўжалиги, хизматлар кўрсатиш ва бошқа соҳаларда ўз бизнесини йўлга қўйиш истагидаги йигит-қизлар сафини кенгайтирмоқда.
Учрашувда мустақил ҳаётда ўз бизнесини бошлаётган ёки тадбиркорлик билан шуғулланиш истаги бўлган талаба йигит-қизларнинг стартап лойиҳалари, ғоя ва интилишларини молиявий қўллаб-қувватлаш юзасидан фикр алмашилди. Уларнинг мақсад ва орзу ниятлари, интилишлари, келгуси режалари тингланди.
– Очиқ мулоқот бизнинг тадбиркорлик билан шуғулланиш истагимизни янада кучайтирди, – дейди агробиология факультети талабаси Рўзимурод Ўрақов. – Хусусий секторга қизиқишимизни оширди. Ўқишни тугатгач, мен ҳам қишлоқ хўжалиги йўналишида тадбиркор бўлишни кўнглимга тукканман. Бу ғоямни эшитган банк мутасаддилари уни қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини билдирганидан қувондим. Мулоқот чоғида 31 ёшгача бўлган талабаларнинг тадбиркорлик ташаббуслари учун имтиёзли кредит ажратилиши ҳақида сўз юритилди. Олий таълим муассасасига кеч кирган битирувчи талабалар учун шу ёш чегараси узайтирилса уларнинг ҳам ўз бизнесини қўллаб-қувватлашга хизмат қилган бўлар эди.
Сафимизда ўқишга кеч кирганлар ҳам таълим олаётгани ва уларнинг хусусий бизнесга қизиқиши юқори бўлгани учун шу таклифни ҳам илгари сурдик.
Учрашув якунида талаба-ёшларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берилди.
Холмўмин Маматрайимов, Жонибек Қўзимуродов (сурат), ЎзА мухбирлари