Тошкент шаҳрида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA), HRD Korea мутахассислари ҳамда лойиҳага алоқадор бошқа вакиллар иштирокида Миллий техник малакани баҳолаш имтиҳонларидан муваффақиятли ўтганларга сертификатлар топширилди.
Ушбу тадбир Ўзбекистонда касбий малакалар тизимини ривожлантириш ва маҳаллий мутахассислар рақобатбардошлигини оширишга қаратилган илк ташаббус сифатида муҳим аҳамият касб этади.

Лойиҳа KOICA гранти асосида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 28 февралдаги “2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида"ги фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 6 майдаги тегишли қарори асосида амалга оширилмоқда.

Жами 251 нафар номзод имтиҳонларда иштирок этиш учун ҳужжат топширган. Илк босқичдаги назарий имтиҳонни 90 нафар иштирокчи муваффақиятли топшириб, амалиёт имтиҳонига йўлланма олди. Иккинчи босқични ҳам муваффақиятли топширган 30 нафар номзод Миллий техник малака сертификатини олишга лойиқ деб топилган.

Имтиҳонлар автомобиль таъмири, электр ва электрон тизимлар ҳамда пайвандлаш соҳаларида ўтказилган. KOICA ва Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамкорлигида жорий этилган ушбу тизим касбий таълим ва меҳнат бозори ўртасидаги боғланишни мустаҳкамлаш, мутахассислар малакасини ошириш ҳамда рақобатбардошлигини кучайтиришга қаратилган.

Лойиҳанинг келгуси босқичларида Миллий техник малакани баҳолаш ва малака ошириш маркази фаолиятини кенгайтириш, янги касблар бўйича имтиҳонлар жорий этиш режалаштирилмоқда.
Б.ХУДОЙБЕРДИЕВ,
ЎзА