Миллий терма жамоамиз Нидерландияга қарши ўйнайди
Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2026 йилги ФИФА Жаҳон чемпионатига тайёргарлик доирасида июнь ойида иккита ўртоқлик учрашувида иштирок этади.
Миллий жамоамиз дастлаб мундиал мезбонларидан бири Канада терма жамоасига қарши 1 июнь куни майдонга тушади.

ЎФА матбуот хизмати берган маълумотга кўра, Ўзбекистон миллий терма жамоаси июнь ойидаги иккинчи ўртоқлик учрашувини Нидерландия терма жамоасига қарши ўтказади. Мазкур баҳс 8 июнь куни Америка Қўшма Штатларининг Нью-Йорк шаҳридаги “Icahn Stadium” стадионида бўлиб ўтади. Ўйин Тошкент вақти билан соат 23:45 да бошланади.
Дунёнинг кучли жамоаларига қарши ўтадиган ушбу учрашувлар миллий терма жамоамизнинг тактик ва жисмоний тайёргарлигини синовдан ўтказиш, шунингдек, мураббийлар штаби учун таркиб ва ўйин услубини янада такомиллаштириш имконини беради.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА