Миллий терма жамоамиз мундиалга муносиб тайёргарлик кўрмоқда
"Жаҳон чемпионати – 2026"
Пойтахтимизда футбол бўйича "FIFA Series – 2026" турнири ўз ниҳоясига етди. Унда Ўзбекистон миллий терма жамоаси дастлаб Габонни 3:1 ҳисобида енгди. Кеча эса Венесуэла термасини пенальтилар сериясида 5:4 ҳисобида мағлуб этиб, турнир ғолибига айланди.
Мазкур турнир терма жамоамиз учун нимани берди?

Аввало, мусобақадаги муваффақиятдан сўнг Ўзбекистон миллий терма жамоаси ФИФА рейтингида 1465,34 очко билан 50-поғонага кўтарилди. Шу билан бирга, таркиб борасида янги номлар кашф этилди. Жумладан, терма жамоамиз сардори Элдор Шомуродов Габон миллий терма жамоаси дарвозасини ишғол қилиши ортидан миллий жамоа сафидаги голлари сонини 44 тага етказиб, янги рекорд ўрнатди.

Терма жамоамиз бош мураббийи Фабио Каннаваро бу галги йиғинга жами 27 нафар футболчини чақирди. Йиғин доирасида Жалолиддин Машарипов, Ҳусниддин Алиқулов, Аббосбек Файзуллаев, Дилшод Комилов, Иброҳимхалил Йўлдошев, Абдулла Абдуллаев, Алибек Давронов ва Ҳусайн Норчаев каби футболчилар турли даражадаги жароҳатлари туфайли жамоага ёрдам бера олмади.

Бунинг натижасида “FIFA Series – 2026” турнири доирасида ўтказилган икки учрашувда 27 нафар футболчи орасидан жисмоний ҳолати яхши бўлган ўйинчилар майдонда синовдан ўтказилди. Мазкур турнирда терма жамоамиз таркибида янги номлар кашф этилганини бежизга таъкидламадик. Габон ва Венесуэлага қарши учрашувларда ўзининг ёрқин ўйинини намоён этган умидли ҳимоячимиз Жаҳонгир Ўрозов мухлис ва мутахассислар эътиборини қозонди.

Жаҳонгирнинг Габонга қарши ўйинда гол ургани ва жамоамизни муқаррар голдан сақлаб қолгани алоҳида таҳсинга лойиқ. Шу ўринда у ҳақида қисқача маълумот бериб ўтиш жоиз.
Жаҳонгир Ўрозов 2004 йил 18 январда туғилган. "Бунёдкор" футбол академияси тарбияланувчиси ҳисобланади. У 2021 йилда клуб билан илк профессионал шартномасини имзолаган. Асосий жамоадаги дебютини 2022 йилги Ўзбекистон Суперлигасида Жиззахнинг "Сўғдиёна" клубига қарши учрашувда амалга оширган.

2023 йилда футболчимизга Туркия клубларидан таклифлар тушди ва шу йил 16 августда "Эюпспор" жамоаси билан 5 йиллик шартнома имзолади. 2024 йил ёзги трансфер ойнасида етарли ўйин амалиётига эга бўлмагани сабабли Ж.Ўрозов Самарқанднинг "Динамо" жамоасига ижарага берилди.
Терма жамоа миқёсида у 2022 йилда Равшан Ҳайдаров бошчилигида Ўзбекистон U-20 таркибида дебют қилди. 2023 йилда "Asian Cup 2023" ва "FIFA U-20 World Cup 2023" мусобақаларида иштирок этиб, барча учрашувларда тўлиқ ҳаракат қилди. Ушбу ўйинлардаги ишончли ҳаракатлар ва "Динамо" клубидаги доимий ўйин амалиёти футболчининг терма жамоа йиғинига чақирилишига асосий омил бўлди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ФИФА кунлари доирасида ўтказилган сўнгги кетма-кет учта халқаро ўртоқлик турнирида ғолибликни қўлга киритмоқда. Жумладан, пойтахтимизда ўтган CAFA Nations Cup, Бирлашган Араб Амирликларида ташкил этилган Al Ain International Cup ҳамда “FIFA Series – 2026” мусобақалари шулар жумласидан.
Ушбу муваффақиятлар мамлакатимизда футбол ривожига қаратилаётган эътибор ва тизимли ишлар самарасидир. Бу борада соҳада амалга оширилган айрим ислоҳотларни қайд этиш жоиз.
Терма жамоамиз бош мураббийлигига италиялик тажрибали мутахассис Фабио Каннаваронинг келиши ушбу ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди. У жамоага бош мураббий этиб тайинланганидан сўнг термамиз 2 та халқаро турнирда ғалаба қозонди. Каннаваро бошчилигида “оқ бўрилар” жами 6 та учрашув ўтказиб, уларнинг 5 тасида ғалаба қозонди. Ягона мағлубият эса Уругвайга қарши учрашувда қайд этилди.
Фабио Каннаваро жамоага келганидан сўнг ўз штабига ёрдамчи мураббий Паоло Каннаваро, мутахассис Симоне Сижилло ва шифокор профессор Энрико Кастеллаччини жалб этди. Бу эса терма жамоа аъзоларининг ҳам жисмоний, ҳам тактик жиҳатдан ўсишига ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Жорий йилнинг 11 июнидан 19 июлига қадар АҚШ, Канада ва Мексика давлатларида футбол бўйича Жаҳон чемпионати бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистон миллий терма жамоаси тарихда илк бор иштирок этади. Жамоамиз “К” гуруҳида Португалия,
Колумбия ва плей-офф ғолиби билан рақобатлашади.
Шу боис, терма жамоамиз мундиал олдидан турли қитъа ва услубдаги жамоаларга қарши ўртоқлик учрашувлари ўтказмоқда. Бу эса эҳтимолий рақибларга яқин жамоалар билан ўйин амалиётини оширишга хизмат қилади. Шу маънода, Венесуэла ва Габон термаларига қарши ўтган баҳслар муҳим тайёргарлик босқичи бўлди.
Энди миллий жамоамизнинг навбатдаги йиғини май ойида бошланади. Икки ҳафталик йиғин доирасида бир нечта ўртоқлик учрашувлари ўтказилиши режалаштирилган. Кейинчалик легионер футболчилар ҳам таркибга қўшилади ва улар иштирокида яна бир беллашув ўтказилади.
Жаҳон чемпионати олдидан ўтадиган сўнгги йиғинда ўзининг энг яхши спорт формасини намоён этган 26 нафар футболчи терма жамоамизнинг мундиалда иштирок этадиган таркибидан жой олади. ФИФА талабига кўра, якуний қайднома 30 майга қадар тақдим этилади.
Умид қиламизки, Фабио Каннаваро бошчилигида миллий жамоамиз Жаҳон чемпионатида муносиб иштирок этиб, тарихий натижаларга эришади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА