Миллий марказлар – умумбашарий қадриятлар бешиги
ФОТОРЕПОРТАЖ
Кўп миллатли юртимизда барча халқлар ва элатларнинг миллий анъаналари, урф-одатлари ҳамда қадриятларини асраб-авайлаш, уларнинг бардавомлигини таъминлаш учун зарур шарт-шароитлар яратилган. Шу боис мамлакатимизда турли миллат вакиллари ўзаро бирдамлик, ҳамжиҳатлик ва тотувлик муҳитида яшаб келмоқда.
Ҳозирги кунда Самарқанд вилоятида 11 та миллий маданий марказ фаолият юритмоқда. Уларда халқларнинг бой маънавий меросини сақлаш ва ривожлантириш учун кенг имкониятлар яратилган. Хусусан, Самарқанд шаҳридаги Дўстлик уйида миллий маданий марказлар учун хизмат хоналари ажратилган бўлиб, бу ерда ташкил этилган музейда 11 халқнинг миллий либослари ва тарихий ашёлари намойиш этилмоқда.
[gallery-28361]
Жумладан, Самарқанд вилояти тожик ва тожикзабон миллий маданий маркази 2004 йилда ташкил этилган бўлиб, ўтган давр мобайнида миллий урф-одатларни асраш, уларни келажак авлодга етказиш ҳамда миллатлараро дўстликни мустаҳкамлаш йўлида самарали фаолият олиб бормоқда.
Марказ раҳбари Шуҳрат Саматовнинг таъкидлашича, ўзбек ва тожик халқлари азалдан яқин қардош халқлар бўлиб, уларнинг тили, урф-одатлари ва қадриятлари ўзаро уйғунлашиб кетган. Шу боис марказ фаолиятида ҳам бирдамлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш устувор вазифа этиб белгиланган.
Айни кунларда мамлакатимизда Наврўз умумхалқ байрами тадбирлари давом этмоқда. Марказ аъзолари ҳам ушбу айёмни миллий анъаналарга хос тарзда нишонлашга ҳозирлик кўрган. Наврўз халқларни бирлаштирувчи, қадриятларни улуғловчи ҳамда ҳамжиҳатликни мустаҳкамловчи улуғ айём сифатида кенг нишонланмоқда.
Алишер ИСРОИЛОВ(сурат),ЎзА