Миллий мақом санъатини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди
Миллий мақом санъати — халқимизнинг асрлар давомида шаклланган бой маънавий мероси, миллий ўзлиги ва бадиий тафаккурини ўзида мужассам этган ноёб санъат дурдонасидир. Уни асраб-авайлаш, ривожлантириш ва келажак авлодга асл ҳолида етказиш маданият соҳасидаги муҳим вазифалардан ҳисобланади.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан миллий маданият ва санъатни ривожлантириш, номоддий маданий мерос намуналарини асраш, мақом санъатининг халқаро нуфузини ошириш ҳамда ёшларни миллий қадриятлар руҳида тарбиялаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда ҳудудлардаги ижодий жамоалар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг мавжуд имкониятларини рўёбга чиқариш ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Шу мақсадда Ўзбек миллий мақом санъати маркази бош директори вазифасини бажарувчи К. Йўлдошевнинг Бухоро вилоятига ташрифи доирасида қатор учрашув ва мулоқотлар ташкил этилди.
Дастлаб, Бухоро вилояти Маданият бошқармасида марказ раҳбари томонидан сайёр қабул ўтказилди. Унда соҳа вакиллари ҳамда фуқароларнинг мурожаатлари, таклиф ва ташаббуслари тингланди. Кўтарилган масалалар юзасидан тегишли тушунтиришлар берилиб, уларни ҳал этиш бўйича зарур чора-тадбирлар белгиланди.
Очиқ мулоқот давомида миллий мақом санъатини ривожлантириш, унинг бой ижро анъаналарини асраб-авайлаш, ёш авлод ўртасида кенг тарғиб этиш, шунингдек, ҳудудларда фаолият юритаётган ижодий жамоаларни қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ташриф давомида К. Йўлдошев марказнинг Бухоро вилояти ҳудудий бўлими фаолияти билан ҳам яқиндан танишди. Бу ерда ижодий жамоанинг иш жараёни, бугунги фаолияти, миллий мақом санъатини ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган ишлар ҳамда истиқболдаги режалар муҳокама қилинди.
Мулоқотда ижодкорларнинг касбий маҳорати ва ижодий салоҳиятини янада ошириш, мақом ижрочилиги анъаналарининг узвийлигини таъминлаш, ёш истеъдодларни кашф этиш ва уларни қўллаб-қувватлаш масалаларига урғу берилди. Шунингдек, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан фикр алмашилиб, ҳудудий бўлим фаолиятини такомиллаштириш ҳамда белгиланган вазифалар ижросини самарали ташкил этиш бўйича тегишли тавсия ва топшириқлар берилди.
Таъкидлаш жоизки, бундай сайёр қабул ва жойлардаги учрашувлар соҳада тўпланиб қолган муаммоларни бевосита ўрганиш, ижодкорларнинг таклифларини инобатга олиш ва уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш имконини беради.
Зеро, миллий мақом санъатининг келажаги фақат унинг бой тарихини сақлаш билангина эмас, балки бугунги ижодий муҳитни ривожлантириш, ёш авлодга муносиб анъаналарни етказиш ва ҳудудлардаги ижодий салоҳиятдан самарали фойдаланиш билан ҳам чамбарчас боғлиқдир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири