Миллий кутубхона ортидаги ҳудуд: автотураргоҳга экологлардан эътироз
Миллий кутубхона ортидаги 1,3 гектар ҳудуд тақдири жамоатчилик эътиборига тушди. Ижтимоий тармоқларда бу ерда автотураргоҳ ташкил этиш ва ҳудудни ободонлаштириш режалаштирилаётгани ҳақида маълумотлар тарқалди.
Мазкур масалага Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳам муносабат билдирди. Маълум қилинишича, ҳозирча ушбу лойиҳа бўйича экологик экспертиза хулосаси мавжуд эмас.
Бу нимани англатади?
Гап ҳудудни ободонлаштириш ёки автотураргоҳ ташкил этиш ҳақида эмас. Агар режалаштирилаётган ишлар дарахт ва буталарга, яшил майдонларга ёки тупроқ қопламига таъсир кўрсатиши мумкин бўлса, бундай ишлар тегишли экологик баҳолашдан ўтказилиши керак. Шунинг учун ҳозирча мазкур ҳудудда экологик экспертиза хулосасисиз қурилиш ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириш мумкин эмас.
Тарқалаётган маълумотларда лойиҳа доирасида 1000 дан ортиқ дарахт ва бута экиш режалаштирилгани қайд этилган. Бир қарашда бу экологик жиҳатдан ижобий ташаббусдек кўриниши мумкин. Аммо масаланинг яна бир муҳим томони бор. Янги кўчат экиш мавжуд кўп йиллик дарахтларнинг экологик аҳамиятини тўлиқ қоплай олмайди. Чунки эндигина экиладиган кўчат билан ўнлаб йиллар давомида ўсиб, шаклланган дарахтнинг имконияти бир хил эмас. Катта дарахт нафақат яшиллик, балки шаҳар муҳитида соя, микроиқлим, ҳаво сифати ва рекреация учун ҳам аҳамиятга эга. Шу боис “қанча дарахт кесилса, шунча ёки ундан кўпроқ кўчат экилади” деган ёндашув мавжуд кўп йиллик дарахтларнинг қийматини тўлиқ ифодаламаслиги мумкин.
Миллий кутубхона ортидаги 1,3 гектар ҳудудга оид масалада экологлар эътибор қаратаётган яна бир жиҳат — шаклланган яшил майдон ва тупроқ қопламини сақлаш. Ҳудуддаги дарахтлар ва буталар йиллар давомида муайян экологик муҳитни шакллантирган. Шунинг учун уни ўзгартириш билан боғлиқ ҳар қандай лойиҳа нафақат қурилиш нуқтаи назаридан, балки унинг атроф-муҳитга таъсири жиҳатидан ҳам баҳоланиши зарур. Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси мавжуд яшил майдонлар ва дарахтларни максимал даражада сақлаб қолиш зарурлигини таъкидламоқда.
Мавжуд тартибга асосан, аввало ҳудуддаги мавжуд дарахт ва яшил майдонлар тўлиқ хатловдан ўтказилиши керак. Шунингдек, ҳудуддаги мавжуд дарахт ва буталарнинг ҳолати аниқланиши, яшил майдонларни максимал даражада сақлаб қолиш имкониятлари кўриб чиқилиши, лойиҳа ҳужжатлари белгиланган тартибда экологик экспертизадан ўтказилиши ҳамда атроф-муҳитга таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ишлар тегишли экологик баҳолашдан кейин амалга оширилиши лозим.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА