Миллий ҳунармандчилик – қадриятларни бирлаштирувчи кўприк
Халқлар ўртасидаги дўстлик ва ўзаро англашувни мустаҳкамлашда маданий алоқалар, санъат ва миллий ҳунармандчилик алоҳида ўрин тутади.
Ўзбекистон ва Ўмон ўртасидаги маданий ҳамкорликни янада ривожлантириш, икки халқнинг бой мероси ҳамда ижодий салоҳиятини кенг намойиш этиш мақсадида “Ўзбекистон маданияти кунлари” ўтказилмоқда.
Маданият вазирлиги хабарига кўра, Ўмон Султонлигида давом этаётган мазкур тадбир доирасида очилиш маросими ва гала-концерт дастури олдидан икки мамлакат санъаткорлари ҳамда ҳунармандлари ижодига бағишланган кўргазма ташкил этилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков ҳамда Ўмон Султонлиги маданият, спорт ва ёшлар вазири Саййид Сауд бин Ҳилол бин Ҳамад Ал Бусаиди икки давлат санъат усталари ҳамда ҳунармандларининг ижод намуналари билан танишди.
Кўргазмада икки халқнинг миллий анъаналари ва амалий санъатига оид сара ижодий ишлар намойиш этилди. Экспозициядан ҳар икки давлатнинг ўзига хос маданий мероси, миллий қадриятлари ҳамда авлоддан-авлодга ўтиб келаётган ҳунармандчилик мактаблари намуналари ўрин олди.
Мазкур тадбир Ўзбекистон ва Ўмоннинг бой маданияти ва ижодий салоҳиятини кенг тарғиб этиш, дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш, шунингдек, уста-ҳунармандлар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш учун муҳим мулоқот майдонига айланди.
М.ҲОЖИАКБАРОВА,
ЎзА