Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси томонидан 2021 йил ва 2022 йилнинг I чорагида олиб борилган патруллик хизмати давомида Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда қидирувда юрган 200 нафарга яқин жиноятчилар ушланган, бедарак йўқолган фуқаролар аниқланган ва оилаларига топширилган.
800 дан ортиқ жиноятлар фош этилиб, 2 мингдан ортиқ ноқонуний буюмлар (пичоқ, бита, пневматик ва ов қуроллар), 1 минг 96 дона ўқ-дори ҳамда 10 минг 451 дона психотроп ва 15 килодан ортиқ гиёҳванд моддалар аниқланган ва ҳуқуқбузарлик содир этган 1 минг 965 нафар шахсга нисбатан маъмурий баённомалар тузилган.
Бу ҳақда Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида айтиб ўтилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси томонидан мамлакатимизда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича 2021 йил ва 2022 йилнинг I чорагида амалга оширилган ишлар ҳолати тўғрисида Миллий гвардия қўмондони Р.Жўраевнинг ахбороти эшитилди.

Қайд этилганидек, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича “Экопатрул” гуруҳлари томонидан мингдан ортиқ рейдлар ўтказилиб, ҳуқуқбузарлик содир этган 471 нафар шахсга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган. Жорий йилнинг 3 ойида келиб тушган 61 та хабар бўйича 47 та ҳуқуқбузарлик содир этган 51 нафар шахс ушланиб, ички ишлар бўлимларига топширилган.
Бундан ташқари, пойтахт хавфсизлигини ишончли таъминлашнинг янги тизими жорий қилинган. 2021 йилда тезкор ҳаракатланувчи гуруҳлар томонидан қўриқдаги объектларда, шу жумладан хонадонларда жиноят ва ҳуқуқбузарлик содир этган 618 нафар шахслар ушланган. Жорий йилнинг ўтган даврида эса 25 та жиноят фош этилиб, 2 нафар қидирувдаги шахслар ушланган ва 3 нафар фуқаронинг ҳаёти қутқариб қолинган.
Мамлакатимизда жамоат хавфсизлигини таъминлашда Миллий гвардия шахсий таркибини руҳан ва жисмонан тайёрлашга, шайлигини оширишга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Фарғона, Даштобод, Нукус ва Тошкент минтақавий ўқув марказларида ходимлар ўқитилмоқда. Йиғилишда Миллий гвардия ходимларининг ўқув машғулотлари тасвирга олинган роликлар намойиш этилди.
Қўмита йиғилишида Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида кўриб чиқилиши назарда тутилган масалалар ҳам муҳокама қилинди. Жумладан, 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг жорий йил биринчи чоракдаги ижроси кўриб чиқилди.
Вазирлар Маҳкамаси бўлим бошлиғи Ҳамдам Бердибоев Давлат дастури ижроси юзасидан ҳисобот берар экан, асосий эътиборни 7-йўналиш — мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш борасидаги мақсад-вазифалар ижросига қаратди.
Қайд этилганидек, Давлат дастури доирасида йўлларда хавфсизликни таъминлаш бўйича Президент қарори қабул қилиниб, бир қатор тартиблар белгиланди. “Хавфсиз йўл”, “Хавфсиз пиёда” жамоат кенгашлари ташкил этилди. Вазирлар Маҳкамасининг янги таҳрирдаги йўл қоидалари қабул қилинди. Бундан ташқари, Зомин ва Бўстонлиқ туманларида ўрмон ёнғинларига қарши курашиш отрядлари ташкил этилди.
Йиғилишда сенаторлар Давлат дастурининг жорий йил биринчи чоракдаги ижроси юзасидан ўз фикрларини, таклифларини билдирдилар.

Шунингдек, қўмита мажлисида “Қўриқлаш фаолияти тўғрисида”ги, “Қурол тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари ҳам муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, “Қўриқлаш фаолияти тўғрисида”ги қонун қўриқлаш фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган. Унинг асосий вазифалари жисмоний шахсларнинг ҳаётини ва соғлиғини, уларнинг мол-мулкини ҳамда объектларини тажовузлардан ҳимоя қилиш, қўриқланадиган объектлар ҳудудида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликларни профилактика қилиш ва уларга чек қўйиш ҳисобланади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА