Жорий йилнинг 5 июнь куни “Кинематография соҳасини янада ривожлантириш ҳамда мамлакатимиз тарихига бағишланган фильмлар туркумини яратишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, кинематография соҳасини янги босқичга кўтариш, миллий давлатчилигимизнинг уч минг йилдан зиёд тарихини, буюк аждодларимизнинг илмий, маданий ва маънавий меросини акс эттирувчи фильмлар туркумини ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш мақсадида 2024–2027 йилларга мўлжалланган “Тирик тарих” фильмлар туркумини яратиш дастури (“Тирик тарих”) тасдиқланди.
Дастур орқали ватан озодлиги ва равнақи йўлида кураш олиб борган буюк саркарда ва давлат арбобларининг мураккаб ҳаёти ва давлатчилик фаолиятини холис ва ҳаққоний кўрсатиб бериш белгиланди.
Шунингдек, қуйидагилар тузилди:
— Кинематографияни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш бўйича миллий комиссия (Миллий комиссия);
— Фильмларнинг ғоявий-бадиий савиясини оширишга кўмаклашувчи миллий кенгаш (Миллий кенгаш).
“Тирик тарих” дастури доирасида:
— фильмлар ишлаб чиқариш учун кинолойиҳаларни тайёрлаш бўйича танлов ташкил этилади ва энг яхши кинолойиҳалар танлаб олинади;
— кинолойиҳаларга мувофиқ фильмлар ишлаб чиқариш учун тақдимот шаклидаги танловлар (питчинг) асосида кинокомпаниялар аниқланади.
Қарорга мувофиқ, Кинематография агентлигига маҳаллий ва хорижий кинокомпаниялар билан ҳамкорлик (co-production) асосида “Тирик тарих” дастури доирасидаги фильмларни яратишга рухсат берилди.
Шунингдек, “Киночилар уйи” “Ўзбекистон Миллий кино санъати саройи” деб қайта номланди.
Ўзбекистон миллий кинематографияни ривожлантириш маркази қошида кинематография соҳаси учун ўрта махсус мутахассисларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш мактаби (киномактаб) ташкил қилинади.
Республикадаги олий ва ўрта-махсус таълим муассасаларида, ўрта мактабларда кинолекторийлар, туман (шаҳар)ларда жойлашган маданият марказларида миллий фильмларнинг бепул намойишлари ташкил этилади.
Бунда, ушбу намойишлар Миллий кинематографияни ривожлантириш маркази ҳузуридаги ахборот-мультимедиа стриминг платформаси (uzbekkino.uz) орқали амалга оширилади.
ЎзА