Миллат ойдини ҳақидаги янги асар
Тоталитар тузумнинг зуғумию зулмини бошдан ўтказиб ҳам ўз халқига, миллатига садоқат билан хизмат қилиш, илм-фан, адабиёт йўлида чин маънода фидойилик кўрсатиш, заҳмат чекиш учун инсон қанчалик кучли ирода, дарёдек кенг ва покиза қалб соҳиби бўлмоғи керак? Навоийшунос, матншунос олим, миллатимиз ойдини Ҳамид Сулаймон ҳақида гап кетганида айни фикрлар инсон хаёлидан кечиши табиий.
Ҳамид Сулаймон ўзбек адабиётшунослиги ва санъатшунослигининг забардаст намояндаси, қалби шеърият ва нафосат билан йўғрилган заҳматкаш олим. Устоз олим — Навоий ижод гулшанининг энг фидойи боғбони, қадимий қўлёзмалар қаъридаги маъно дурларини халққа армуғон этган маърифат фидойиси. Унинг нигоҳида ўтмиш ва келажакни боғловчи бир нур, аждодлар меросига бўлган катта эҳтиром мужассам эди. Ҳамид Сулаймон наинки матнларни, балки ўзбек халқининг бой маданий мероси ва руҳиятини қайта тирилтирган зиё соҳиби.
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида атоқли адиба Галина Долгаянинг “Все, что судьбой предрешено” – “Бари тақдирда бор” номли бадиий-ҳужжатли асарининг тақдимоти ўтказилди.

Асар ўзбек мумтоз адабиёти билимдони, фидойи олим Ҳамид Сулаймонов ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳикоя қилади.
Олимнинг болалиги маърифатпарвар оилада кечди, у Туркистон жадидлари фаолиятининг гувоҳи бўлди, ўтган асрнинг 50-йилларидаги қатағонлар гирдобига тушди. Оқлангач, ўз ҳаётини мумтоз адабиёт тадқиқотига бағишлади. Алишер Навоий номидаги Адабиёт музейи ҳамда Тошкентдаги Қўлёзмалар институтини ташкил этди.
Ҳамид Сулаймон (1910–1979) — ўзбек адабиётшунослиги ва матншунослигининг йирик намояндаси бўлиб, унинг фаолияти ўзбек мумтоз адабиётини, хусусан, Алишер Навоий меросини тиклаш ва дунёга танитишга бағишланган. Олим Алишер Навоий асарларининг қўлёзмаларини излаб топиш, тадқиқ этиш ва нашрга тайёрлашда улкан ишларни амалга оширган.

Хусусан, “Хазойин ул-маоний” асарининг илмий-танқидий матнини яратган. Олим Алишер Навоийнинг илк девонлари — “Бадоеъ ул-бидоя” ва “Наводир ун-ниҳоя” шоир ҳаётлигидаёқ тузилганини илмий исботлаб берган. Ҳамид Сулаймон узоқ йиллар давомида қўлёзмаларни солиштириб, Навоий ўз ижодини тизимлаштиришни айнан шу девондан бошлаганини ва бу қўлёзма шоир ҳаётлигида, унинг назорати остида кўчирилганини исботлаган.
Бу девоннинг топилиши ва ўрганилиши Навоий ижодий эволюциясини тушунишда инқилобий янгилик бўлган эди.
Навоий лирикасининг 47 минг мисрадан иборат “Хазойин ул-маоний” (Куллиёти) асарининг илмий-танқидий матнини яратган ва нашр эттирган. У хорижий мамлакатлар (Франция, Ҳиндистон ва бошқа давлатлар) кутубхоналаридан ўзбек адабиётига оид ноёб қўлёзмаларни топиб, Ватанимизга қайтарган. Масалан, Ҳофиз Хоразмийнинг “Девон”ини Ҳиндистондан олиб келиб, нашр эттирган.

Ҳамид Сулаймон Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейининг ташкилотчиси ва биринчи директори бўлган. Шунингдек, у Тошкент, Андижон, Қўқон каби шаҳарларда адабиёт музейлари ва Қўлёзмалар институтининг ташкил этилишига раҳбарлик қилган.
“Бобурнома”, Алишер Навоий ва Амир Хусрав Деҳлавий асарларига ишланган миниатюралар (расмлар) альбомларини тузган ва чоп эттирган. Хаттотлик, китобат санъатига оид асарлар яратган. Заҳматкаш олим ҳақидаги ёрқин хотиралар таниқли адиба ва олима, Ҳамид аканинг умр йўлдоши Фозила Сулаймонованинг асарларида ҳам батафсил баён этилган.
Фаолиятининг илк йилларида Москва кинематография институтини тугатиб, кино соҳасида ишлаган. Кейинчалик олий ўқув юртларида жаҳон ва хориж адабиётидан дарс берган. Олим ўз илмий хизматлари учун Беруний номидаги Ўзбекистон Давлат мукофотига сазовор бўлган.
Адабий тадбирда заҳматкаш ижодкор Ҳамид Сулаймон фаолияти, у ҳақидаги янги китоб бўйича батафсил сўз юритилди. Чиндан ҳам шижоатли олимнинг ҳаёти, фаолияти бугунги ёшлар учун чин маънода ибрат мактаби.
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири