Кўргазма: Ярим кўнгилдан бутун ижод намуналари
Ўзбекистон Бадиий академияси Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройида рассом Муштарий Саидованинг “Жимликнинг нариги томонида” номли шахсий кўргазмаси очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда қайд этилганидек, 21 ёшли Муштарий Саидова туғилганидан бери мутлоқ сукунат дунёсида яшайди. У эшитмайди ва гапирмайди. Бундан ташқари кўриш қобилиятида жиддий муаммоларга дуч келди. Чап кўзи бутунлай кўрмай туриб ўнг кўзининг заифлашиши ижод қилишга тўсқинлик қилмади ва аксинча дунё билан мулоқот қилишнинг ўзига хос усулини топишга, мато, бўёқлар ва амалий ижод орқали завқланишга интилди.


“Жимликнинг нариги томонида” лойиҳаси ногиронлиги бўлган шахсларнинг имкониятлари ҳақидаги стереотипларни бузишга қаратилган. У ташхисни эмас, балки муаллифнинг истеъдоди ва ўзига хос қарашларини биринчи ўринга қўяди. Кўргазма томошабинни “кўриш” аслида нимани англатиши ва санъат турли тилларда гапирадиган ёки умуман гапирмайдиган одамларни қандай бирлаштириши мумкинлиги ҳақида ўйлашга чорлайди.



Кўргазма жорий йилнинг 15 майигача давом этади.
Г.Бобоева, ЎзА