Хитой Фанлар академияси (IMCAS), Хитойнинг Пекин шаҳридаги Микробиология институти ва Ўзбекистон Фанлар академияси Микробиология институти (IMUAS) ўртасидаги қўшма ҳамкорлик доирасида илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш мақсадида 2019 йил 21 октябрда Меморандум имзоланган эди. Ушбу меморандумга кўра “IMCAS-IMUAS микробли ресурслар ва биотехнологиялар қўшма лабораторияси”ни ташкил этиш мақсад қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Микробиология институтида икки мамлакат микробиологлари ҳамкорлиги асосида ташкил этилган “IMCAS-IMUAS микробли ресурслар ва биотехнологиялар қўшма лабораторияси”нинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Дастлаб Хитойдан институтга беғараз ёрдам сифатида келтирилган замонавий асбоб-ускуналар намойиши ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Микробиология институти замонавий асбоб-ускуналар базасига эга. Аммо молекуляр биологик тадқиқотлар, хусусан, геномлар секвенси ва таҳлили соҳасида орқада қолмоқда. Шу маънода, хитойлик микробиологлар ва биоинформатиклар замонавий даражада қўшма тадқиқотларни ривожлантириш учун тўпланган тажрибаларини тақдим этишлари мумкин.
– Дунёда илмий даражаси юқори бўлган Хитой фанлар академияси микробиология институтининг биз билан ҳамкорлик қилиши илмий томондан ютуқларга эришишимизда ёрдам бўлади, – дейди Микробиология институти илмий ишлар ва инновациялар бўйича директор ўринбосари Нодира Азимова. – Институтимизда 3 мингга яқин ноёб микроорганизмлар сақланади. Уларнинг ҳаммаси саноат, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги учун фойдали микроорганизмлар штаммлари ҳисобланади. Хитойдан келтирилган асбоб-ускуналар ёрдамида юртимиздаги Оролбўйи, Сурхондарё, Қизилқум каби ноқулай об-ҳаво шароитига эга бўлган ҳудудлардаги микроорганизмларнинг биотехнологик имкониятлари ўрганилади.
Ташкил этилган қўшма лаборатория доирасида қишлоқ хўжалиги, фармацевтика ва саноат мақсадларида Ўзбекистон ва Хитойнинг экстремал яшаш жойларидан микроорганизмлар култураларининг коллекцияси яратилади.
Қўшма лаборатория тадқиқот фаолияти доирасида илмий ходимлар ва талабалар алмашинуви, илмий-техник тренинглар, икки томонлама семинарлар, қўшма нашрларни амалга ошириш ишлари режалаштирилмоқда.
<iframe width="640" height="360" src="https://www.youtube.com/embed/4NKQbFCyMws" title="Микробиология соҳасини ривожлантириш мақсадида Хитой билан қўшма лаборатория очилди" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Н.Раҳмонова, А.Содиқов (видео) ЎзА