Термиз шаҳрида транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқига эга бўлмаган 11-синф ўқувчиси отасига тегишли “Lada xray” русумли енгил автомашинани “автомойка”да ювдириш баҳонасида ўзбошимчалик билан уйидан кўчага олиб чиқади.
Ўспиринликнинг завқи, қушдек енгил елиб бораётган машина шавқи билан автотранспорт воситалари серқатнов йўлда бошқарувни издан чиқариб, йўл-транспорт ҳодисаси содир этади. Қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиб келаётган “Lacetti” русумли автомашина билан тўқнашиб, унинг ҳайдовчисига турли даражадаги тан жароҳати етказади.
Мазкур ҳолат жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судида кўриб чиқилиб, қонуний тўхтамга келинди. Ўн саккиз ёш остонасига қадам ташлаётган мактаб ўқувчисига нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баробари миқдори яъни, 7 миллион 500 минг сўм жарима жазоси ҳамда жабрланувчи фойдасига 7 миллион 378 минг сўм моддий зарар ундирилиши белгиланди.
Суднинг ушбу ижро ҳужжати МИБ Термиз шаҳар бўлими иш юритувига қабул қилингач, мажбурий ижро ҳаракатларига киришилиб, жабрланувчи ҳайдовчи фойдасига моддий зарар ва қўлланилган жарима жазоси тўлиқ ундирилди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири