Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
МИБ: сўнгги 5 йилда алимент ундириш билан боғлиқ ижро ҳужжатлари 43 фоизга ошган

Парламент қуйи палатаси мажлисида Болалар омбудсмани берган маълумотга кўра, вояга етмаганларга алимент тўлаш борасида қасддан алимент тўламаслик ҳолати 20 мингдан ортиқни ташкил этади.

16 мингтасига тегишли таъсир чоралари қўлланилган. Аммо 4 мингга яқин ҳолатда эса тегишли ижро органлари томонидан ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланилмаган.  

Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси (МИБ) томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида МИБ вакили ҳам муносабат билдирди.

Қайд этилганидек, МИБда алимент ундириш билан боғлиқ 366 мингдан ортиқ ижро ҳужжати мавжуд бўлса, шундан 61 фоизида алимент тўловчилар даромад манбаига эга эмас. Мажбурий ундириш учун мол-мулки ҳам йўқ. 

Сўнгги 5 йилда алимент ундириш билан боғлиқ ижро ҳужжатлари 43 фоизга ошгани айтиб ўтилди. Биргина 2025 йилда алимент ундириш билан боғлиқ 160 мингга яқин ижро ҳужжати келиб тушган.  

МИБ томонидан алимент тўловчиларни иш билан таъминлаш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда. Жойларда меҳнат ярмаркалари ташкил этилган. Натижада 23 мингга яқин ишсиз алимент тўловчиларни иш билан таъминлаш чоралари кўрилди. Шунингдек, ижро ҳужжатлари доирасида 13 мингдан ортиқ оила яраштирилди.  

Ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланилмаган 4000 та ҳолат бўйича ҳам тегишли чоралар кўрилаётгани айтиб ўтилди. Жумладан, 2,5 мингта алимент тўловчига нисбатан қидирув эълон қилинган.  

М.Комилова, ЎзА