Мажбурий ижро бюроси (МИБ) органлари томонидан ижро самарадорлигини янада ошириш мақсадида изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ахборот хизмати раҳбари Фаррух Тошпўлатов шу ҳақда маълумот берди:
– “MIB Portal” электрон дастурий тизими йўлга қўйилди ва ҳозирда ушбу электрон дастур қирққа яқин идора ва ташкилотлар ахборот тизимларига интеграция қилинди. Бюро органлари ташкил топгандан буён 8 йил ичида 219 триллион сўмдан ортиқ ундирувлар амалга оширилди. Шундан давлат фойдасига 95 триллион сўмга яқин маблағ ундирилди.
Тадбиркорлик субъектлари фойдасига 67 триллион сўм, банклар учун 46 триллион сўм ва фуқаролар манфаатларига 11,3 триллион сўм маблағ ундирилди.
Энергия ресурслари, сув таъминоти ва бошқарув-сервис компанияларининг барқарор ишлаши учун 5 триллион сўмдан ортиқ маблағлар ундируви ташкил этилди.
Ижтимоий аҳамиятга эга бўлган ижро ҳужжатлари бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Масалан, давлатимиз раҳбарининг фармони билан эҳтиёжманд фуқароларни қўллаб-қувватлаш учун жорий этилган “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” билан боғлиқ жамғармаларга 3,6 триллион сўм маблағ йўналтирилди.
Моддий ёрдамга муҳтож бўлган фарзандлар фойдасига 6,6 триллион сўмлик алимент пуллари ундириб берилди. Қолаверса, олиб борилган тушунтириш ишлари давомида, 27,9 миллиард сўмлик 179 уй-жой, 3,7 миллиард сўмлик 45 автомашина ҳамда 4,1 миллиард сўмлик бошқа турдаги 280 мол-мулк фарзандларнинг алимент пуллари эвазига олдиндан тўлов сифатида берилди.
Давлат ижрочиларининг ҳамкор ва мутасадди ташкилотлар билан оиланинг жамиятдаги ўрни масаласида олиб борган профилактика ҳамда тушунтириш ишлари натижасида 188 мингдан ортиқ оила яраштирилди.
Қонунга хилоф равишда ишдан бўшатилган 5 минг 625 нафар фуқаро ишга тикланди ва уларга тўланмай қолган 327,1 миллиард сўмлик иш ҳақи ундириб берилди.
Соҳанинг рақамлаштирилиши натижасида бир нафар давлат ижрочисининг бир ойда ўртача ижро ишини тамомлаш кўрсаткичи 2020 йилга нисбатан 4 баробарга ошиб, 266 тага етди.
Ўрта-махсус маълумотга эга давлат ижрочиларини Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясида босқичма - босқич ўқитиш бўйича чора - тадбирлар амалга оширилмоқда.
Н.Абдураимова, ЎзА