Ер миллатнинг умуммиллий бойлиги саналади. Ушбу масала ҳамиша долзарблигини йўқотмайди.
Аммо ҳудудларда ер қонунчилигига риоя қилмаслик, ер участкаларидан мақсадсиз ва самарасиз фойдаланиш ҳолатлари учраб турадиган муаммодир. Ноқонуний қурилмалар қуриш, шунингдек, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаш ҳолатлари шулар жумласидандир.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 21 февралда қабул қилинган «Ер участкаларидан фойдаланишда давлат назорати самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра, ҳоким ёрдамчилари хатлов натижасида аниқланган ер участкаларига бўлган ҳуқуқларнинг қонунчиликда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишида фуқароларга фаол амалий ёрдам кўрсатади.
Шунингдек, ер участкаларидан оқилона фойдаланиш ва муҳофаза қилиш, жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида жорий йил 1 мартдан бошлаб аҳоли ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари (МФЙ) томонидан ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаш ва улардан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари бўйича Бош прокуратура (1007 қисқа рақами) ва Кадастр агентлигига (1097 қисқа рақами) юборилган фотосурат ва видеоёзувлар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда кўриб чиқилади.
МФЙ ва ҳоким ёрдамчиларига ўз ҳудудида қурилиши бошланган ҳар қандай бино ёки иншоотларнинг қонунийлигини аниқлаш бўйича маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига, қурилиш ва кадастр органларига сўров юбориш ҳуқуқи берилади. Бунда мазкур сўровлар 5 иш кунида мажбурий тартибда кўриб чиқилиб, қурилиши бошланган бино ва иншоотларга рухсат берувчи ҳужжатлар бор-йўқлиги тўғрисида маълумот тақдим этилади.
Ноқонуний ҳолатлар аниқланса, маълумотларни бир кунлик муддатда ер соҳасида назоратни амалга оширувчи органларга тақдим этади.
ЎзА