“Менинг томорқам” иловаси: Экин экишдан даромадгача бўлган йўл
Мамлакатимиздаги деҳқонлар ва томорқа эгаларига қулайлик яратиш мақсадида “Менинг томорқам” иловаси ишга туширилди. Ушбу илова орқали ҳар бир фуқаро томорқасидаги маҳсулотларга тез ва ишончли харидор топиши, нарх белгилаши ва бозорни ўрганиши қолаверса, давлат хизматларига тезкор кириш имкониятига эга бўлди. Бугун “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ ҳамда “Узагростар холдинг” компанияси ҳамкорлигида ушбу платформанинг тақдимот маросими ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 февралдаги “Томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликлари фаолиятида замонавий ташкилий тизимни жорий қилиш ва молиявий қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда “«Uzagrostar xolding» компанияси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорида Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда ахборот тизимлари ва маълумотлар базаларини интеграция қилган ҳолда томорқа ва узоқ муддатли ижарага берилган ер эгаларига онлайн маслаҳат ва маълумот олиш, молиявий хизматлардан фойдаланиш ҳамда махсулотларни сотиш бўйича ягона хизмат кўрсатиш ва мониторинг қилиш платформасини ишга тушириш вазифаси белгиланган.
[gallery-28629]
“Рақамли ҳукумат” тизимининг идоралараро интеграция платформаси орқали тегишли маълумотлар юзасидан самарали ахборот алмашинуви йўлга қўйилди. Тақдимот давомида мазкур платформанинг имкониятлари, функционал ечимлари ҳамда амалий аҳамияти ҳақида батафсил маълумот берилди.
Ушбу платформада фойдаланувчилар учун бир қатор қулай ва замонавий модуллар ишлаб чиқилган. Жумладан, “Marketpleys” модули орқали маҳсулотларни сотиш ва харид қилиш, кенг каталогдан фойдаланиш, қулай қидирув ҳамда фильтрлар ёрдамида керакли маҳсулотни тез топиш имконияти яратилган. “Eskrou va billing” тизими эса фойдаланувчиларга шахсий ҳамён очиш, тўловларни платформа орқали хавфсиз ва кафолатланган тарзда амалга ошириш имконини беради.
Шунингдек, логистика хизмати модули орқали харид қилинган маҳсулотларни “эшикдан-эшиккача” етказиб бериш учун онлайн ариза топшириш ҳамда логистика харажатларини олдиндан ҳисоблаш имконияти мавжуд. “Аризалар” бўлими орқали фойдаланувчилар кредит олиш ва «Uzagrostar xolding» хизматларидан фойдаланиш учун мурожаат юборишлари мумкин.
Бундан ташқари, платформада “Эълонлар” бўлими жорий этилиб, унда хизматлар, маҳсулотлар, иш ўринлари ҳамда резюмеларни жойлаштириш имконияти яратилган. “Таълим” бўлими эса онлайн курслар, агро-кутубхона, илмий-амалий мақолалар, вебинар ва семинарлар орқали фойдаланувчиларнинг билим ва кўникмаларини оширишга хизмат қилади.
Қолаверса, «Uzagrostar xolding» компанияси муассислигида ташкил этилган ихтисослашган компаниялар томонидан томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликлари кесимида маълумотларни киритиш, таҳлил қилиш ҳамда юритиш имконини берувчи алоҳида модул ҳам ишлаб чиқилган.
Шу билан бирга, ихтисослашган компаниялар учун шахсий кабинетлар яратилди. Ушбу электрон платформалар орқали, томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликлари тўғрисидаги маълумотлар, ер майдонлари ва иссиқхоналар ҳажми, экин турлари, ҳосилдорлик кўрсаткичлари, сотув ва экспорт ҳажмларининг ўсиш кўрсаткичлари ва бошқа маълумотлар тизимлаштирилган ҳолда юритилади.
“Менинг томорқам” платформаси “Киберхавфсизлик маркази” ДУК томонидан 3 та босқичли экспертизадан ўтказилиб, ижобий хулоса олинди.
Мазкур платформанинг ишга туширилиши томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликларини комплекс қўллаб-қувватлаш, уларнинг молиявий ва ахборот хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришда муҳим қадам бўлди.
Шу билан бирга, мазкур лойиҳа рақамли технологияларни кенг жорий этиш, аграр соҳада замонавий бошқарув механизмларини ривожлантириш ҳамда миллий маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Дилдора ДЎСМАТОВА,
Ойбек Пардаев (сурат)
ЎзА