“Менинг мактабим — яшил маскан” ташаббуси кенг қулоч ёймоқда
Юртимизда амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва яшил ҳудудларни кенгайтиришга қаратилган эзгу ишлар янги мазмун касб этмоқда.
Жиззах вилоятида ушбу ташаббус доирасида ўзига хос ибратли акция ташкил этилди. Вилоят Ёшлар ишлари бошқармаси бошлиғи ҳамда туман (шаҳар) бўлимлари раҳбарлари ўзларининг таҳсил олган умумий ўрта таълим мактабларига ташриф буюришиб, кўчат экиш ишларида бевосита иштирок этишди.

Мазкур ташаббусга “Менинг мактабим — обод мактаб” ғояси асос қилиб олингани бежиз эмас. Зеро, инсон қалбида табиатга меҳр ва масъулият туйғуси, аввало, болалик хотиралари билан уйғун ҳолда шаклланади.
Айниқса, раҳбарларнинг ўз мактабларида кўчат экиши ёшлар учун амалий ибрат мактабига айланмоқда. Бу орқали нафақат ҳудудларда яшиллик кўлами кенгаймоқда, балки келажак авлоднинг экологик онги ва фуқаролик масъулияти ҳам мустаҳкамланмоқда.
Мутахассислар таъкидлаганидек, бундай ташаббуслар жамиятда табиатга эҳтиром маданиятини қарор топтиришда муҳим аҳамият касб этади.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари