Сирдарё вилояти суди томонидан “Менинг маҳаллам – менинг судьям” лойиҳанинг амалдаги ижроси қандай?
Вилоятдаги мавжуд 11 та туман, шаҳардаги 236 та маҳалла фуқаролар йиғинида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноятчиликка қарши курашиш, шунингдек фуқароларнинг ҳуқуқий масалалар юзасидан муаммоларини тизимли ҳал этиш ва аҳолининг ҳуқуқий онгини доимий ошириб бориш мақсадида вилоят судининг учта судлов ҳайъати судьялари томонидан сайёр ва оммавий қабуллар, давра суҳбатлари, мулоқотлар ўтказилди.

Айниқса, жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати, туман ва шаҳар суди раислари иштирокида маҳалла фуқаролар йиғинларида ташкил қилинган учрашувларда асосий мавзу қасддан одам ўлдириш, саломатликка ва жамоат тартибига қарши жиноятларнинг олдини олиш, «қизил ҳудуд»га киритилган маҳаллаларда муҳокама йиғилишларини ўтказишдан иборат бўлди.
Жумладан, Боёвут туманининг «Соҳил» маҳалласида фуқароларнинг мурожаати ўрганилди. Тадбир давомида судьялар суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилаётган ушбу ислоҳотларнинг асл мақсади аҳолининг одил судловга бўлган ишончини ошириш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлаш эканлиги ҳамда муҳим сиёсий жараён – Конституциявий ислоҳотлар ҳақида ҳам маълумотлар берилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Сайхунобод туманидаги Халқ қабулхонаси билан ҳамкорликдаги мулоқотда эса алимент ундириш, мерос ва мол-мулк билан боғлиқ низоли ҳолатларни суд мажлисида кўриб чиқиш учун асос бўладиган даъво аризаларини расмийлаштириш борасида амалий ёрдам кўрсатилди.
Ҳафтанинг ҳар шанба куни фуқаролик ишлари бўйича Оқолтин, Гулистон ва Сирдарё туманлараро суди, Адлия ва хотин-қизлар бўлими билан ҳамкорликда маҳаллаларда аҳоли билан юзма-юз ташкил этилаётган мулоқотларнинг навбатдаги манзили Сардоба туманининг “Янгиқишлоқ” ва Мирзаобод туманининг “Тинчлик” маҳаллалари бўлди. Бунда “Аёллар дафтари”даги хотин-қизлар муаммоларини тизимли ҳал этиш ҳамда уларга ҳуқуқий маслаҳатлар бериш, алимент ундириш, ҳимоя ордери олиш ва бошқа ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этиш юзасидан ҳуқуқий ёрдамлар кўрсатилди. Шу каби мулоқотлар натижасида 200 нафар хотин-қизнинг муаммоли масалаларига ечим топилди.

Гулистон туманининг “Сойибобод” маҳалласида жиноят ишлари бўйича Гулистон туман суди томонидан ўтказилган очиқ мулоқотда мазкур маҳаллада истиқомат қилаётган ва жиноятга мойиллиги бор, спиртли ичимликка ружу қўйиш натижасида юзага келаётган оилавий жанжалларнинг сабабчилари билан маҳалладошлари иштирокида суҳбат ўтказилди. Очиқ мулоқот якунида иштирокчиларга ижтимоий оғир вазиятдан чиқиш, жамиятда муносиб ўрин эгаллаш борасида зарур тавсиялар ва ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

“Менинг маҳаллам – менинг судьям” лойиҳаси асосида вилоятдаги барча маҳаллаларда судьялар аҳоли билан доимий ҳамкорликни ўрнатган.
Шуҳрат Суяров, ЎзА