Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганининг 32 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан “Ватанпарварлик ойлиги” доирасида жойларда ўтказилаётган тадбирлар ёшларни юртга садоқат руҳида тарбиялашга хизмат қилмоқда.
Самарқанд вилоят “Баркамол авлод” болалар мактабида Миллий гвардия Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси, Қўриқлаш бошқармаси ҳамда Марказий ҳарбий округ ҳамкорлигида ҳарбий хизматчи ва ходимлар, уларнинг фарзандлари ва ўқувчи-ёшлар ўртасида “Менинг армиям – менинг фахрим” шиори остида расмлар танлови бўлиб ўтди.
Танловда ҳар бир иштирокчи белгиланган номинациялар бўйича миллий армиямиз қудратини акс эттирувчи суратларни чизишга киришди. Қатнашчиларнинг ижодий ишлари ҳакамлар ҳайъати томонидан кузатиб борилди.
—Танловни ўтказишдан мақсад ёшларимизнинг миллий армиямизга қизиқиши ва Ватанга бўлган садоқатини оширишдан иборат, — дейди Миллий гвардия Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси бошлиғи ўринбосари Умид Каримов. — Қолаверса, танлов бир неча ёш рассомларнинг кашф этилишига туртки бўлди. Келгусида иқтидорли ёшлар салоҳиятини оширишга янаям кўпроқ эътибор қаратилади.
Танлов якунига кўра ғолиб иштирокчиларга эсдалик совғалари ва дипломлар топширилди. Бу каби тадбирлар ёшларнинг келажакда ватанпарварлик руҳида камол топишида муҳим ахамият касб этади.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/Dck5nf_3FZI?si=PlYAHOzXhidCUQrA" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Н.Раҳмонова,
А.Аҳмедов (видео)
ЎзА