Мен ўз тақдирим, келажагим учун овоз бераман!
Фарғона вилоятида ҳам сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлиги доирасида давра суҳбатлари, мулоқотлар, танловлар ва турли тадбирлар бўлиб ўтмоқда.
Фарғона вилоятида ҳам сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлиги доирасида давра суҳбатлари, мулоқотлар, танловлар ва турли тадбирлар бўлиб ўтмоқда.
Мамлакатимизда муҳим сиёсий тадбир – парламент қуйи палатаси ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловга кенг кўламли тайёргарлик кўрилмоқда. Бу галги сайловлар мамлакатимиз тарихида илк бор Сайлов кодекси асосида ўтказилади. Бу эса сайловнинг қонунийлик, шаффофлик, очиқлик ва мутлақо янги босқичда ўтишининг яна бир ёрқин ифодасидир. Марказий сайлов комиссияси томонидан “Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлиги”нинг ўтказилаётгани Сайлов кодексининг мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш, фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатларини кенг тушунтиришда муҳим аҳамият касб этади.
22 декабрь куни бўлиб ўтадиган сайловларда ҳам кўплаб фарғоналик ёшлар биринчи марта овоз беради. Бу жараёнда ёшлар орасида сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳияти ҳақида кенг тушунтириш ишлари олиб бориш муҳим вазифа саналади. Марғилон шаҳридаги 1-тиббиёт коллежида “Янги Ўзбекистон:Янги сайловлар” шиори остида семинар-тренинг бўлиб ўтди.
Марказий сайлов комиссияси аъзоси О.Қозихонова, халқ депутатлари вилоят кенгашига сайлов ўтказувчи вилоят сайлов комиссияси раиси Э.Нуралиев ва бошқалар янги қабул қилинган Сайлов кодекси билан сайлов қонунчилигига киритилган сўнгги янгиликлар ҳақида сўз юритди.

Очиқ мулоқот тарзида ўтган тадбир давомида ўқувчиларнинг сайловга оид бошланғич билимлари кўплаб савол-жавоблар орқали синовдан ўтказилди ҳамда энг зукко ва фаол ёшларга турли бадиий китоблар туҳфа этилди
Қўштепа туманида ҳам вилоят сайлов комиссияси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгаши ва адлия бўлими ҳамкорлигида “Менинг овозим – Ватаним келажаги” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Унда жорий йил ўтказиладиган сайловда илк маротаба овоз бериш имкониятига эга бўлган йигит-қизлар иштирок этди. Тадбирда сайловларда ёшларнинг ўрни ва роли борасидаги фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Бу каби тарғибот тадбирлари ва ёшлар билан учрашувлар вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида давом этмоқда.