“Мен таниган Ўзбекистон” – Янги Ўзбекистон хорижлик олим нигоҳида
Кейинги ўн йил давомида мамлакатимизда кечаётган туб ижобий янгиланиш жараёнлари она-Ўзбекистонимизни жаҳон ҳамжамиятига янгича қиёфада, янада тараққий этган, улкан марралар сари дадил одимлаётган давлат сифатида намоён этмоқда. Бу жиҳатларни кўплаб олимлар, давлат ва жамоат арбоблари, сиёсатшунослар, экспертлар эътироф этмоқда.
Туркиялик таниқли адиб, олим ва жамоат арбоби доктор Кемал Явуз Атаманнинг яқиндагина нашрдан чиққан “Мен таниган Ўзбекистон” номли китоби ҳам фикримизнинг яна бир ёрқин далилидир.
Мазкур асарда Ўзбекистоннинг қадимий тарихи, бой маънавий мероси, туркий-ислом цивилизацияси тараққиётидаги беқиёс ўрни, буюк алломалари ва давлатчилик анъаналари ҳақида сўз юритилади.
Айни пайтда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, инсон қадрини улуғлашга қаратилган давлат сиёсати ҳамда мамлакатимиз тараққиёт йўли ҳақидаги муаллифнинг холис фикр-мулоҳазалари баён этилган.
Муаллиф ўзининг кўп йиллик кузатувлари, илмий изланишлари ва Ўзбекистонга ташрифлари асосида мамлакатимизнинг кечаги тарихи, бугунги тараққиёти ва истиқболдаги мақсадларини хорижлик зиёли нигоҳи орқали ёритади.
Китоб ўзбек ва турк тилларида Республика Маънавият ва маърифат маркази, “Маърифат” тарғиботчилари жамияти ҳамда Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институтининг таклифи асосида “Маърифат элчилари” лойиҳаси доирасида тайёрланди.
“Мен таниган Ўзбекистон” китоби мамлакатимиз ҳақида халқаро илмий-маърифий қарашларни бойитувчи, Ўзбекистоннинг тарихи, бугуни ва келажагини чуқурроқ англашга хизмат қилувчи муҳим манбалардан биридир.
Н.Усмонова, ЎзА