“Мен Ғолиб” ватанпарварлик югуриш мусобақаси юқори савияда ўтди
Ўзбекистонда оммавий спортни аҳоли ўртасида янада оммалаштиришда югуришнинг ўрни беқиёс экани барчамизга маълум. Аҳолимиз соғлом турмуш тарзига қаратаётган улкан эътибори натижасида югуриш фақат тор доирадаги ишқибозлар машғулоти эмас, балки аҳолининг турли қатламлари учун кундалик ҳаётнинг ажралмас қисмига айланиб бормоқда.
Шу маънода, “Мен Ғолиб” оммавий югуриш мусобақалари мамлакатдаги мазкур жараённинг муҳим ҳаракатлантирувчи кучларидан бири сифатида намоён бўлмоқда.
Бугун, 10 май куни бутун республикамиз ва Қорақалпоғистонда Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган анъанавий “Мен Ғолиб” ватанпарварлик югуриш мусобақаси ўтказилди. Унда жами 30 мингга яқин қатнашчи иштирок этди. Пойтахтимизда ўтган анъанавий “Мен Ғолиб” ватанпарварлик югуриш мусобақасида Қуролли Кучлар таркиби, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ҳамда минглаб югуриш ишқибозлари қатнашди. Тадбирда 2 мингдан ортиқ югуриш ихлосмандлари ўз омадини синовдан ўтказди.
“Мен Ғолиб” нафақат спорт мусобақаси, балки соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, ёшлар қалбида ватанпарварлик туйғусини мустаҳкамлаш, халқ ва армия ўртасидаги жипсликни янада кучайтиришга хизмат қилди ҳамда иштирокчилар учун ўз имкониятларини намоён этиш майдонига айланди. 10 километр масофада профессионал спортчилар, Қуролли Кучлар ва куч тузилмалари вакиллари ўртасида қизғин баҳслар кечди.
3 километрли йўналишда эса Элдор Ботиров, Отабек Файзуллаев ва Насимбек Тўйчиев кучли учликдан жой олди. Хотин-қизлар ўртасида эса Инобат Тожибоева мусобақа ғолиби бўлди.
[gallery-29334]
“Янги Ўзбекистон” боғида юқори кайфият ва кўтаринки руҳда ўтган мусобақа якунида маррани муваффақиятли босиб ўтган ҳар бир иштирокчи махсус эсдалик медали билан тақдирланди. Шунингдек, юқори ўринларни эгаллаган ғолиб ва совриндорларга пул мукофотлари топширилди.
Жавоҳир Тошхўжаев
Алмурод Мамадаминов (сурат), ЎзА