Мелони: Мен баннерлар эмас, одамларнинг реал муаммоси билан шуғулланаман
Италия бош вазири Жоржа Мелони “Italia Viva” партиясининг ахборот кампанияси унинг ғазабига сабаб бўлгани ҳақидаги хабарларни рад этди, деб хабар бермоқда “Italpress” нашри.
Қайд этилишча, ҳукумат раҳбари мазкур кампания юзасидан на Транспорт вазирлигига, на бошқа идораларга мурожаат қилганини айтган.
Гап ўлкадаги “2 per mille” тизими ҳақида кетмоқда. Унга кўра, фуқаролар даромад солиғининг маълум қисмини сиёсий партияларни молиялаштиришга йўналтириши мумкин. “Italia Viva” ушбу тизим доирасида маблағ жалб қилиш мақсадида темирйўл вокзалида реклама кампаниясини олиб борган.
Италия оммавий ахборот воситаларида эса Жоржа Мелони мазкур реклама кампаниясидан норози бўлгани ва уни чеклаш учун босим ўтказгани ҳақида хабар тарқалган эди.
— “Italia Viva” кампанияси мени асабийлаштиргани ҳақиқат эмас. Шунингдек, ҳукумат Транспорт вазирлигидан изоҳ сўрагани ҳақидаги хабар ҳам тўғри эмас. Аксинча, мен бу кампанияни коммуникация нуқтаи назаридан самарали деб ҳисоблайман ва буни унинг муаллифи Маттео Ренцига шахсан айтганман, — деди Мелони.
Италия бош вазири айрим доиралар кампанияни ўзгартириш ёки тўхтатиш бўйича таклиф бергани ҳақидаги маълумотларга ҳам муносабат билдирди. Унинг таъкидлашича, у реклама жойлаштириш масаласи билан эмас, аҳолининг долзарб муаммолари билан шуғулланади.
— Итальянлар партиявий тарғибот билан реал вазият ўртасидаги фарқни яхши англайди. Мен темирйўл бекатидаги плакат билан эмас, одамларнинг аниқ муаммоси билан бандман ва шундай бўлиб қолади, — деди Жоржа Мелони.
Д.Ҳакимов, ЎзА