Мелони: Интернетдаги манипуляциядан эҳтиёт бўлинг
Италия бош вазири Жоржа Мелони ижтимоий тармоқларда сунъий интеллект ёрдамида тайёрланган ўзининг сохта фотосуратлари тарқалганига муносабат билдирди. “Reuters” нашрининг хабар беришича, ушбу “deepfake” тасвирда ҳукумат раҳбари одоб доирасидан ташқаридаги ҳолатда акс эттирилган.
Мелони ўзининг “Facebook” саҳифасида ушбу сохта фотосурат шахсий ва сиёсий ҳужум воситаси эканини таъкидлаб, фуқароларни интернетдаги маълумотларга нисбатан ҳушёр бўлишга чақирди. Унинг сўзларига кўра, бу каби технологиялар одамларни осонгина алдаши ва манипуляция қилиши мумкин.
- Мен ўзимни ҳимоя қила оламан, бироқ ҳамма ҳам бунга қодир эмас, -дея қўшимча қилди у.
Мелони билан боғлиқ бу шов-шувли ҳолат биринчи марта рўй бераётгани йўқ. Аввалроқ Римдаги диний иншоотлардан биридаги фаришта ҳайкали бош вазирга ўхшатилгани ҳам ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган эди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА