Экология маданиятдан бошланади
Наманган вилояти Экология ва иқлим ўзгариши Бош бошқармаси томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди.
Тадбирда вилоят Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси (экополиция) бошлиғи Анваржон Ашуров “Яшил макон», «Тоза ҳаво», «Био мерос», «Чиқиндидан холи ҳудуд», «Эко-маданият» умуммиллий лойиҳалари ижроси» доирасида амалга оширилган ишлар ҳақида батафсил ахборот берди.
Таъкидлаб ўтилганидек, бугунги кунда экологик барқарорликни таъминлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва аҳоли учун муносиб яшаш шароитларини яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Наманганда 2026 йилнинг ўтган 10 ойи давомида амалга оширилган тизимли ишлар ва уларнинг натижалари бунинг ёрқин далили бўла олади.
Шу йил баҳор мавсумида вилоят бўйича 5,9 миллион дона иқлим шароитига мос мевали, манзарали дарахт ва бута кўчатлари экилиб, белгиланган режа ортиғи билан бажарилди. Кўчат экишда айниқса Поп (631,3 минг), Мингбулоқ (586,9 минг) ва Янгиқўрғон (556,3 минг) туманларида фаоллик кўрсатилди.

Илмий-амалий яшил ҳудудлар буйича Президент топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида, “Green University” техникуми талабаларининг амалиёти учун Наманган туманида 58,7 гектар майдонда “Дендрология боғи” ҳамда Норин туманида 75,17 гектар майдонда “Ботаника боғи” ташкил этиш учун ер майдонлари ажратилди.
Дарахтларни асраш ва хатлов бўйича бугунги кунга қадар вилоятда экилганига 5 йилдан ошган 82 минг 470 туп дарахт рақамлаштирилиб, электрон паспортлари яратилди. Дарахтларни ноқонуний кесишга қарши кураш доирасида 91 мурожаат ўрганилиб, асоссиз равишда 1 минг 876 туп дарахтни кесиш тўғрисидаги сўровлар рад этилди.
Табиат ёдгорликлари бўйича хатлов давомида экилганига 100 йилдан ошган 55 туп дарахт аниқланиб, уларга табиат ёдгорлиги мақоми берилди. Шунинг энг кўпи, яъни 27 тупи Наманган шаҳрида жойлашган чинорлардир.
Ҳайвонларни муҳофаза қилишда Янги Наманган туманининг Саховат маҳаласида қаровсиз қолган ҳайвонларни сақлаш, парваришлаш ва даволашга мўлжалланган 3 гектарлик питомник (приют) учун ер ажратилиб, қурилиш ишлари бошланиш арафасида турибди.
Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 23 сентябдаги тегишли фармонига мувофиқ, 2026 йил куз мавсумида 10,5 миллион дона кўчат экилиши белгиланган. Бунинг учун ерларни тайёрлаш ва суғориш тармоқларини созлаш ҳамда кўчат захирасини яратиш ишлари амалга оширилди. Экиш мавсумига ўрмон хўжаликлари томонидан 6 миллион дона ва кўчат етиштирувчи корхоналар томонидан 4,5 миллион дона кўчат захиралари яратилиб, етказиб берилиши таъминланади.
Мавсумни уюшқоқлик билан ўтказиш юзасидан, жорий йил 7 ноябрь куни Наманган вилояти ҳокими бошчилигида кўчат экиш ишларига старт берилиб, шу куннинг ўзида мингдан зиёд турли хилдаги дарахт ва бута кўчатлари экилди.
[gallery-32473]
Шунингдек, вилоят ҳудудидаги ўрмон хўжаликлари томонидан тупроқ унумдорлигини ошириш, сув тежамкорлигини таъминлаш ҳамда ўсимлик чиқиндиларини самарали бошқариш мақсадида мулчалаш ва компостлаш технологиялари кенг жорий этилмоқда. Айниқса, вилоятнинг тоғ ва тоғолди ҳудудларида янги ўрмонзорлар барпо этиш ва кўчатхоналарни парваришлашда бу усуллар муҳим аҳамият касб этмоқда.
Аҳоли сонининг ўсиши ва урбанизация сабабли вилоятда кунига ўртача 1 минг 450 тонна (йилига 530 минг тоннадан ортиқ) маиший чиқинди ҳосил бўлмоқда. Бу муаммони тизимли ҳал этиш учун қуйидаги қадамлар ташланди.
Хусусан, муқобил энергия ва йирик инвестиция – Чуст туманида қиймати 150 миллион долларлик, йилига 547,5 минг тонна чиқиндини қайта ишлаш қувватига эга бўлган ва 300 МВт электр энергияси ишлаб чиқарувчи замонавий завод қурилиши бошланиб, ушбу лойиҳа яқин орада ишга туширилиши кутилмоқда.
Чиқиндиларнинг ташиб кетилишини таъминлаш бўйича жорий йил давомида “Наманган махсус транс” (собиқ “Мусаффо иқлим”) масъулияти чекланган жамияти 15 та, “Ориф нурли келажак” масъулияти чекланган жамияти 10 та ва “Тоза худуд” давлат муассасаси бешта, жами 30 та янги махсус техника олиб келиниб, хизмат кўрсатиш ишлари жадаллаштирилмоқда.
Кўп қаватли уйлар ва аҳоли гавжум жойларга чиқиндиларни тўпланиши ва сараланиши учун 400 дан ортиқ янги контейнерлар ўрнатилди. Шаҳар ва туманларда 8 дона янги чиқинди йиғиш майдончаси фойдаланишга топширилди.
Биргина Наманган шаҳри ҳудудидаги 17 та ноқонуний чиқиндилар ташланадиган худуд бутунлай бартараф этилиб, яшил ҳудудга айлантирилди. Вилоятда “Тозалик ва озодалик” долзарб икки ойлиги ва яшил ҳудудларни жойлаштириш, ер тайёрлаш ҳамда кўчат захирасини яратиш ишлари буйича 1013 та маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳолатига баённомалар расмийлаштириб, уларга 748 миллион сўм жарималар қўлланилди.
Экологик қонунбузарликларнинг олдини олиш мақсадида Экополиция томонидан қатъий назорат тадбирлари олиб борилмоқда. Жумладан, шу йил 1 ноябрь ҳолатига, 3 минг 450 маротаба рейд ўтказилиб, 4 минг 284 та қонунбузилиш ҳолати аниқланди. Ҳуқуқбузарларга нисбатан 6,7 миллиард сўм миқдорида маъмурий жарима ҳамда 700,2 миллион сўм табиатга етказилган зарар ҳисобланди. Бугунги кунгача 2,7 миллиард сўм жарима ва 105,1 миллион сўм зарар давлат фойдасига ундирилди.
Корхоналарнинг атроф-муҳитни ифлослантирганлиги учун тўланадиган компенсация тўловларидан бўлган қарздорликларини ундириш мақсадида 156 та субъектнинг 5,2 миллиард сўмлик қарздорлиги Суд ва мажбурий ижро органларига қаратилди.
“Тоза ҳаво” умуммиллий лойиҳаси доирасида бажарилган ишлар ҳам диққатга сазовор. Наманганда атмосфера ҳавосига ифлослантирувчи моддалар ташловчи объектлар сони 1024 та бўлиб, булар асосан цемент ишлаб чиқариш, пахта тозалаш, пишган ғишт, асфальт ишлаб чиқариш, дон, мой корхоналари, паррандачилик фабрикалари, метални қайта ишлаш, тўқимачилик корхоналари, газ қуйиш шохобчалари ҳиссасига тўғри келади.
Жорий йилда вилоятда атроф-муҳитга таъсири бўйича I ва II тоифага кирувчи саноат корхоналарида 9 дона чанг-газ тозалаш ускунаси янги ўрнатилган бўлса, тўрт корхонадаги мавжуд чанг-газ тозалаш ускуналари модернизация қилинди.
Вилоятда иккита корхонадаги учта устувор турғун ифлослантирувчи манбалардан чиқадиган ташланмаларни таҳлил қилувчи автоматик мониторинг станциялари ва 39 та санитар ҳимоя зонаси автоматик стационар кузатув постлари Экология қўмитасининг eco-nazorat.uz платформасига – ягона геоахборот маълумотлар базасига интеграция қилинди.
Фойдали қазилмаларни қазиб олиш натижасида бузилган 25,0 гектар ер майдонлари рекультивация қилинди. Атмосфера ҳавосининг ифлосланишига салбий таъсир кўрсатувчи 75 та иссиқхона фаолияти ўрганилиб, 25 тасига фильтр ўрнатилди, 19 та иссиқхона фаолияти тўхтатилди ва 31 нафар шахсга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилди.
Атмосфера ҳавосига зарарли ташламалар таъсирни камайтириш мақсадида вилоят бўйича бугунги кунга қадар 255 мингдан ортиқ автотранспорт воситаларига стикерлар берилди. Жумладан, 186 минг 69 та автотраспортга – “яшил”, 41945 та “сариқ” ва 24024 та автотраспортга “қизил” стикерлар берилди.
Жорий йил якунига қадар вилоятда 10 та атмосфера ҳавоси ифлосланиши фон мониторингини амалга ошириш учун автоматлашган кичик станциялар ўрнатилади. Автомобилларни ювиш шохобчалари ўз-ўзига хизмат кўрсатиш тоифаларига ўтказилиб, оқова сувларни тозаланган холда қайта ишлатиш тизими йўлга қўйилади.

Атроф-муҳитга таъсир хавфи юқори даражадаги объектларнинг ифлослантирувчи манбаларидан автоматик равишда намуналар олиш тизимининг қамрови 10 фоизга етказилади. Атмосфера ҳавосига таъсири бўйича I ва II тоифадаги корхоналар томонидан ўз, туташ ва бошқа ҳудудларида "яшил белбоғ"лар барпо этиш даражаси 50 фоизга етказилади. 30 корхонада мавжуд чанг-газ ускуналарини модернизация қилиш ҳамда унга туташ ҳудудда 700 минг туп дарахт кўчатлари экиш ҳисобига “Яшил белбоғ”лар бунёд қилиш орқали атмосфера ҳавосига ташланаётган ифлослантирувчи моддалар ҳажми 8 фоизга камайтирилади.
Қишлоқ хўжалиги экинларининг ривожланиши ва ҳосилдорлиги ҳақидаги агрометеорологик прогнозларнинг ишончлилик даражаси 95 фоизга етказилади. Фойдали қазилмаларни қазиб олиш натижасида бузилган 35 гектар ер майдонлари рекультивация қилинади.
Эътироф этиш жоизки, экология энг аввало, маданиятдан бошланади. Шу маънода, “Эко-маданият” умуммиллий лойиҳаси доирасида Давлатобод туманидаги Юксалиш маҳалласи ҳудудида аҳолининг истеъмол маданиятини ошириш мақсадида маҳаллаларда сув, энергия, табиий газни ва бошқа табиий ресурсларни тежовчи технологиялар ва асбоб-ускуналар кўргазмалари уюштирилди.
Норин туманида яшил техникум ташкил қилинди. Янги ўқув йили учун 9-синф негизида қайта тикланувчи энергия манбаларига хизмат кўрсатиш мутахассислиги бўйича дуал таълим 28 нафар, 11 база негизида ўрмон хўжалиги техниги мутахасислиги бўйича 31 нафар ҳамда чиқиндиларни қайта ишлаш ва бошқариш йўналиши бўйича 28 нафар ўқувчи “дуал таълим” шакли юзасидан техникумга ўқишга қабул қилинди.
Аҳоли ва ёшларнинг экологик маданиятини ошириш мақсадида “Ёш экологлар” ҳаракати Кенгаши ташкил этилгани ҳам таҳсинга сазовордир.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (суратлар), ЎзА мухбирлари